Тошкентда халқаро сув ҳафталиги ўтказилади
Форум сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва “яшил” технологияларни жорий этиш бўйича мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.

Келгуси йил март ойида Тошкент халқаро сув ҳафталиги ўтказилади. Форум халқаро институтлар ва минтақа мамлакатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва “яшил” технологияларни жорий этиш бўйича мулоқот майдони бўлиб хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёевга 15 декабр куни сув хўжалигида энергия самарадорлигини ошириш, илмий салоҳиятни ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ишлари юзасидан ахборот берилди.
Ушбу тадбирни юқори савияда ўтказиш ва келгуси йилда Оролбўйи ҳудудида сув тежаш технологияларига бағишланган халқаро форумга пухта тайёргарлик кўриш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Сўнгги ойларда Тошкент шаҳри ичимлик суви ва оқова хизматларини яхшилашга бағишланган биринчи Марказий Осиё анжумани ҳамда Сув кодексининг кучга киришига бағишланган халқаро анжуманга мезбонлик қилди.
Маълумот учун, Қорақалпоғистонда 274 та насос станцияси мавжуд бўлиб, улар орқали 185 минг гектардан ортиқ ер майдонлари суғорилмоқда. Станциялардаги насос агрегатларининг ярмидан кўпи 1979 йилдан буён ишлаб чиқарилган ускуналардан иборат, уларнинг энергия сарфи замонавий насосларга нисбатан 2-3 баробар юқори.
Кегейли туманидаги эски агрегатлардан бири замонавий энергия тежамкорига алмаштирилганда электр энергиясининг сарфи икки баробарга камайган.
Ушбу ижобий тажрибадан келиб чиқиб, Қорақалпоғистондаги 276 та насосни босқичма-босқич замонавий энергия тежамкор агрегатларга алмаштириш режалаштирилган. Натижада йиллик 25 миллиард сўмга тенг электр энергияси иқтисод қилиниши ва лойиҳа сарф-харажатлари 14 ой ичида ўзини оқлаши кутиляпти.