platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев бунёдкорлик ишлари билан танишди

Мирзо Улуғбек туманидаги Боғимайдон маҳалласида 41 та кўп қаватли уй, 1 минг 990 та хонадон мавжуд бўлиб, қарийб 5,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.

Шавкат Мирзиёев бунёдкорлик ишлари билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги Боғимайдон маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишди, янги бунёд этилган “Pavilion” савдо мажмуасини бориб кўрди.

1987 йилда ташкил этилган Боғимайдон маҳалласида ҳозир 41 та кўп қаватли уй, 1 минг 990 та хонадон мавжуд бўлиб, қарийб 5,5 минг нафар аҳоли истиқомат қилади.

Ҳудудда аҳоли учун замонавий инфратузилма яратилган. Хусусан, бу ерда 20 та болалар ўйингоҳи, 11 та воркаут майдончаси, 3 та мини-футбол майдони ва теннис корти ташкил этилган. 2 та мактабгача таълим ташкилоти қарийб 500 нафар болани қамраб олган.

Маҳаллада иқтисодий фаолликни ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бугун бу ерда 70 дан зиёд тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Бу эса ишсизликни қисқартириш ва оилалар даромадини оширишга хизмат қилмоқда. Жумладан, маҳалладаги 1 минг 48 нафар ёшдан 949 нафарининг бандлиги таъминланган.

Ҳудудда яшилликни асраш ва кўпайтиришга ҳам эътибор кучайтирилган. Шу мақсадда 2022 йилда экобоғ ташкил этилган. Қарийб 4,5 минг туп дарахтга эга ушбу боғ бугун кексаю ёш учун севимли дам олиш масканига айланган. Шунингдек, маҳаллада ижтимоий муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилаётган “Нуронийлар маскани” ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Давлат раҳбари маҳаллада хавфсиз муҳитни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди. Бугун турар жойлар кириш қисмлари кузатув камералари ва қўриқлаш пултлари билан жиҳозланган. Ҳудудга кириб-чиқувчи шахслар ва автотранспорт воситалари замонавий технологиялар асосида назорат қилиб борилмоқда.

“Pavilion” савдо мажмуасига инвестор томонидан 25 миллион доллар сармоя йўналтирилган. Мажмуа 4,6 гектар ҳудудда барпо этилган бўлиб, 42 минг квадрат метр қурилиш ишлари бажарилган. Ҳудудда 1 минг ўринли автотураргоҳ ҳам ташкил этилган.

– Халқимизнинг турмуш тарзи яхшиланиб, истаклари ортаяпти. Бу каби савдо мажмуаларида миллий маҳсулотларимизга кўпроқ ўрин бериш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни жалб қилиш ва логистикани тўғри йўлга қўйиш лозим, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Уч қаватли мажмуада савдо дўконлари билан бирга кенг йўлаклар, очиқ ва қулай жамоат майдонлари, харидорлар учун замонавий шароит яратилган. Энг муҳими, бу ерда қурилиш материаллари савдосини тарқоқ ва тирбанд шаклдан чиқариб, тартибли, шаффоф ва харидорбоп тизим асосида йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2 минг нафар аҳоли иш билан таъминланди. Бу ерда 500 та дўкондаги қурилиш ва таъмирлаш учун зарур маҳсулотларни бир жойда таклиф этиш имконияти яратилади. Барча маҳсулотлар ва уларнинг нархи ягона электрон платформа орқали шаффоф кўриниб туради.

Мажмуа йилига 3 миллионгача харидорга хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади. Ҳудудда хавфсизлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бутун савдо комплекси 500 та замонавий кузатув камераси билан қамраб олинган.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid