Автобусларни импорт қилишда утилизация йиғимидан озод этиш муддати узайтирилади
Иш сифатини ошириш учун бир автобусга тўғри келадиган ҳайдовчилар сонини 2 нафардан 3 нафарга ошириш, ҳаракат хавфсизлиги ва хизмат маданиятини кучайтириш вазифаси қўйилди.

Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида автобусларни импорт қилишда утилизация йиғимидан озод қилиш муддатини яна 2 йилга узайтириш таклиф қилинган.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда жамоат транспортини янада яхшилаш ва бу борадаги ишларни жадаллаштириш юзасидан тақдимот билан танишган.

Тақдимотда автобус ҳайдовчилари учун муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
“Бугунги кунда айрим ҳайдовчилар меъёрдан ортиқ ишлаётгани хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Ўтган йили пойтахтнинг ўзида ҳайдовчиларнинг хатти-ҳаракатлари ва муомаласи юзасидан аҳолидан 1 минг 670 та шикоят келиб тушган. Автобуслар иштирокида 109 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган”, дейилади ахборотда.
Шу муносабат билан брутто-шартнома тизимини такомиллаштириш, бир автобусга тўғри келадиган ҳайдовчилар сонини 2 нафардан 3 нафарга ошириш, ҳаракат хавфсизлиги ва хизмат маданиятини кучайтириш вазифаси қўйилган.
Тақдимотда кўтарилган асосий масалалар:
- шаҳар жамоат транспортини ягона агломерация тизимига ўтказиш, бунда шаҳарлар атрофидаги 12 километргача бўлган ҳудудларга қатнайдиган автобус йўналишлари ҳам брутто-шартнома тизими билан қамраб олинади;
- Тошкент вилоятининг Назарбек, Минерал сувлар ва Уч қаҳрамон ҳудудларини пойтахт билан боғлаш орқали автомобиллар оқимини камида 20 фоизга камайтириш, пойтахтда 19 та, вилоят марказларида 79 та шундай йўналиш ташкил этиш;
- пойтахт жамоат транспорти ва шаҳар атрофи темир йўл қатновларини ўзаро боғлаш мақсадида “электропоезд – автобус”, “электропоезд – метро” каби қулай тарифларни жорий этиш;
- замонавий автобуслар олиб келишни рағбатлантириш, тадбиркорлар учун молиявий имкониятларни кенгайтириш, кредит линияларини йўлга қўйиш;
- жамоат транспортида бажарилган иш ҳажми ва сифатини баҳолаш учун ҳар бир вилоятда ташкил этилган диспетчерлик марказларига энди сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали йўловчилар оқимига мос равишда автобуслар ҳаракатини ташкил қилиш;
- Самарқанд ва Наманганда аҳоли ва сайёҳлар учун замонавий “яшил транспорт” йўналишларини кўпайтириш;
- Хива, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон каби йирик туризм масканларида ҳам жамоат транспортини ривожлантириш дастурини бошлаш.
Маълумот учун, охирги уч йилда пойтахт ва вилоят марказларига 2 минг 650 та замонавий электробус ва автобуслар олиб келинган. Брутто-шартнома асосида 279 та мунтазам йўналиш йўлга қўйилган.
Натижада ҳар куни йўналишга чиқаётган автобуслар сони 3 минг 150 тага етди. Кунлик қатновлар сони 2022 йилдаги 18 мингтадан 45,2 мингтага, йўловчилар оқими эса 900 минг нафардан 2,3 миллион нафарга ошган. Шу орқали 4,8 мингта янги иш ўрни яратилган.
