Антиструмин дориси билан боғлиқ шубҳали шартномалар
“Samo” МЧЖ билан бир неча миллиард сўмлик бир нечта шартномалар имзоланган
Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъсисчилигидаги “O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ калий ёдид 1 мг (0,001 г) №100 (Антиструмин) дорисини харид қилиш учун “Samo” МЧЖ билан бир неча миллиард сўмлик бир нечта шартномалар имзолаган. Бунга Телеграмдаги @pressuzb канали эътибор қаратди.
Айтилишича, 2022 йил июнь ойида “Samo” МЧЖ билан 5 млрд. 644 млн. сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузилган. 2023 йил 11 январда эса ушбу шартномага 956 млн. сўмлик қўшимча келишув имзоланган.
“O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ 2023 йил 4 майда яна антиструмин дори воситасини харид қилиш учун “Samo” МЧЖ билан 15 млрд. 275 млн. сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузган. Ушбу шартномаларга кўра, жами 21 млрд. 875 млн. сўм эвазига “Samo” МЧЖ 3 млн. 550 минг қадоқда антиструмин етказиб бериши кўрсатилган.
Антиструмин харид қилиш учун ҳеч қандай тендер ўтказилмаган, шартномалар тўғридан-тўғри тузилган. “Samo” МЧЖ таъсисчиларидан бири Нодир Юнусов АҚШ божхона ва иммиграция назорати хизмати томонидан қидирувга берилгани ҳақида хабар бергандик. У одам савдоси ва фирибгарликда айбланган.
Нодир Юнусов, шунингдек, “Zuma-Pharma” МЧЖ раҳбари ҳам саналади. Давлат харидлари порталида “O‘ZMEDIMPEKS” МЧЖ “Zuma-Pharma” МЧЖ билан ҳам тузган шартномалар ҳақида маълумот бор. Жумладан, 7000 дона шприц-ручка эритропоэтин воситасини етказиб бериш бўйича 782 млн. сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузилган.