Талабаларнинг сарсон-саргардонлиги ечим топдими?
Мана, баҳору ёзни ортда қолдириб куз ҳам келди. Янги ўқув йили бошланди, бу ваъданинг устидан чиқиляптими? Лойиҳалар амалга ошдими? Қурилиши бошланган ётоқхоналарнинг топширилганлари борми?
Олий таълим муассасалари (ОТМ)да ўқиш бошланиш арафасида талабалар турар жой излаб қолади. Талабалар турар жойлари (ТТЖ) эса етарли эмас. Бу муаммони ўтган йилги аномал совуқ вақтидаги ҳолат очиқ-ойдин кўрсатиб берганди. Талабага жой йўқ, жой топилса, иссиқ эмас. Бир “Тошкент Индекс”га кўчасан, дейишади. Ҳали ўрнашиб улгурмай, у ердан ҳам чиқариб юборишади. Ит эгасини танимайдиган қаҳратон қишда кўчада қолган, ўқиб келажак қураман деётган кўп талабалар ҳатто эртасидан умидини узганди. Сабаби саргардонлик ёмон. Ўз юртида саргардонлик ундан-да азоб ва аламли. Кўпчилик талабаларнинг эса ўтган йилги сарсонликлари ҳеч кимнинг ёдидан чиқмаган.
Ўтган йили ҳартугул “Тошкент Индекс” имконияти билан вазият бироз юмшатилгандек бўлди.
Ўтган йили ана шу воқеалар фонида масъуллар томонидан давлат ОТМларидаги ТТЖларининг сони 287 тага етказилиб, жами 109 504 нафар талабани жойлаштириш имконияти яратилган. Аммо шунга қарамай, 132 минг ўринли ТТЖга талаб мавжудлиги маълум қилинган. Ушбу эҳтиёжни қондириш мақсадида президентнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Инсонга эътибор ва сифатли таълим йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига асосан 2023 йил якунига қадар 18 минг ўринли ТТЖларини қуриш ва фойдаланишга топшириш белгиланганди. Шунингдек, 2023 йилда ётоқхоналарни барпо этиш бўйича жами 28 526 ўринли 58 та лойиҳа, жумладан, давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида 19576 ўринли 40 та, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисобидан 3450 ўринли 7 та, олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳисобидан 3 900 ўринли 8 та ҳамда инвестиция дастури доирасида 1 600 ўринли 3 та лойиҳаларда тегишли ишлар амалга оширилаётгани ҳамда республика бўйича жами 16 466 ўринли 31 та лойиҳада қурилиш ишлари аллақачон жадал суръатларда олиб борилаётгани айтилганди.
Бу гаплар талабаларнинг ётоқхоналар етишмаслиги ва мавжудларида эса иситиш имкониятлари аномал совуққа дош беролмагани сабаб турар жой учун ижара нархлари осмонга ўрлашидан кўчада арзон яшаш манзили излаб овора бўлишлари ортидан эрта баҳорда янграган ваъдалар ва белгиланган чора-тадбирлар эди.
Мана, баҳору ёзни ортда қолдириб куз ҳам келди. Янги ўқув йили бошланди, бу ваъданинг устидан чиқиляптими? Лойиҳалар амалга ошдими? Қурилиши бошланган ётоқхоналарнинг топширилганлари борми?
Platina.uz Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда Фарғона водийсидаги 3 вилоятдаги талабалар учун қурилган ва қурилаётган ТТЖлар билан танишар экан, ана шу саволларга жавоб излади.
Гувоҳ бўлдикки, май ойлари бошларида қурилишда меъёрлар бузилгани сабаб маъмурий жавобгарликка тортилган Қўқон давлат педагогика институти талабалари учун ДХШ асосидаги 1 та 400 ўринли ТТЖ қуриб битказилмоқда. Ушбу турар жой шу ойда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Фарғона филиали, Фарғона политехника инсититути, Фарғона давлат университети, Андижон давлат университети, Андижон давлат тиббиёт институти, Наманган давлат университети, Наманган муҳандислик-қурулиш институти талабалари учун ётоқхоналар қурилмоқда ёки қандайдир бинолар ётоқхоналарга мослаштирилмоқда.
Олийгоҳлардаги масъуллар 2025 йилгача 100% талабаларни турар жой билан таъминлаш ҳаракатида. Ҳозир эса бу қамров айнан водий вилоятларида 50%дан юқори. Қуриб топширилиши режалаштирилган 18 минг ТТЖларнинг 34 фоизини водий қоплаб бераётган бўлса, қолган 66 фоизи бошқа вилоятлар ва Тошкент шаҳри зиммасида қолмоқда. Энг кўп олий таълим муассасалари эса Тошкентда ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот котибининг таъкидлашича, ТТЖ бўйича эҳтиёжни қондириш масаласида пойтахт энг оғриқли масала. Чунки талабалар кўп ва ТТЖ учун талаб ҳам. Шундай экан, водий вилоятларидаги каби жараёнлар пойтахтда ҳам тезлаштирилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Сабаби янги ўқув йили бошланиши ва талабаларнинг пойтахтга келиши ортидан аллақачон ижара нархлари ҳам осмонга чиққан, дейиш мумкин. Материал тайёрлаш жараёнида биз Тошкентдаги ижара нархлари билан танишдик. ижара уйнинг қаерда жойлашганлиги, хонадондаги шароитлар, уй эгаси билан туриш турмаслигига қараб нархлар бир талабага 50$- 100$гача. Эслатиб ўтамиз, Олийгоҳ талаба қанча нархдаги квартирада туришидан қатъий назар ҳар бир талабага ойига Тошкент шаҳрида 330 минг тўлаб беради. Бу миқдор вилоятларда 165 мингни ташкил қилади.
Яна ҳам оғриқлиси, пойтахтда кўп ҳолларда ижарага берувчилар ҳисоб-китобни доллар курси билан ўлчашидир. Доллар курси эса кўтарилгандан кўтариляпти. Шу боис пойтахтлик масъуллар ҳам айнан водий тажрибаси асосида талабаларининг яшаши ҳақида кўпроқ ва тезроқ қайғуриши керак.
Муҳими, давлатининг келажаги қўлида бўлганлар шу давлатда кўчада қолмаса бас.
Фазилат Соиб