Мактаб директорига ҳимоя ордери берилди
Уни калтаклашда айбланган гумондор шу куннинг ўзидаёқ қўлга олинганди.
Бугун Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан директор Умида Турсуновага ҳимоя ордери берилди ва унинг даволаниши ҳамда соғлигини тиклаши учун зарур шароитларни яратиш мақсадида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиалига ётқизилди.
Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Унга тан жароҳати етказган шахсга нисбатан қамоққа олиш тартибидаги эҳтиёт чораси қўлланилди. Хозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 31 август куни Сариосиё туманидаги мактаб директори Умида Турсунова калтаклангани маълум бўлганди. Уни калтаклашда айбланган гумондор шу куннинг ўзидаёқ қўлга олинган.
Умида Турсунова Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов билан мажлисда тортишиб, жамоатчилик эътиборига тушганди.