Ҳоким калтакланган директор ҳолидан хабар олди
31 август куни тармоқда Турсунова калтакланиб кетгани хабари тарқалганди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Сариосиё туманидаги 28-сонли мактаб директори Умида Турсунованинг ҳолидан хабар олиш учун туман тиббиёт бирлашмаси шифохонасига борди, у воқеа айбдори қонунга мувофиқ жазоланишини айтган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Сариосиё туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари берган ташхисларига кўра бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бошнинг пешона тепа энса соҳаси кўплаб эзилиб йиртилган жароҳатлари, иккала кўз юқори ва пастки қовоқларга қонталашиш диагнози қўйилган.
У.Турсуновага Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Сурхондарё филиали мутахасислари томонидан консультация қилиниб, зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Айни вақтда беморнинг аҳволи барқарор. Уни РШТЁИМ вилоят филиалига кўчириш чораси кўрилмоқда.
Вилоят ҳокими У.Турсуновага шикаст етказган айбдорнинг қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилишини ҳамда унинг тўлақонли даволанишини ўз назоратига олганлигини билдирди, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Умида Турсунова айнан Улуғбек Қосимов билан мажлисда тортишиб, жамоатчилик эътиборига тушганди.
31 август куни тармоқда Турсунова калтакланиб кетгани хабари тарқалди. Уни калтаклашда айбланган гумондор қўлга олинган.