9 та вилоят ҳокимларининг қурилиш учун масъулларига ҳайфсан берилди
Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида “Янги Ўзбекистон” массивларида уй-жой қурилиши ва 2023 йил учун ипотека дастурини амалга ошириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда сўнгги олти йилда мамлакатимиз аҳолиси 5,5 миллион нафарга ўсгани, ҳадемай 40 миллионга етиши қайд этилиб, 2017 йилдан буён 326 мингта янги уй-жой фойдаланишга топширилгани таъкидланди.
Маълум қилинишича, бу даврда уй-жой билан таъминланганлик даражаси аҳоли жон бошига 18 фоизга ошди.
Охирги уч йилда ажратилган ипотека кредитлари ва эҳтиёжманд оилаларга тўлаб берилган бошланғич бадал ва фоиз тўловлари учун берилган субсидиялар сарҳисоб қилинган йиғилишда 2022 йилда бошланган 31 та “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш дастури ҳам таҳлил қилинди.
Бу борадаги ишлар Андижон ва Хоразмда яхши кетаётгани таъкидланиб, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Сирдарёдаги массивларда ҳокимларнинг эътиборсизлиги оқибатида бирорта уй фойдаланишга топширилмагани қаттиқ танқид қилинди.
“Янги Ўзбекистон” массивлари бўйича Фарғонада 80 та, Самарқандда 36 та, Тошкент вилоятида 15 та, Наманганда 14 та уйни фойдаланишга топшириш чўзилиб кетаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шу муносабат билан Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона ва Тошкент вилояти ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарлари, Марказий банкнинг вилоят бўлинмалари раҳбарларига ҳайфсан эълон қилинди ва вазиятни ўзгартириш учун бир ой муҳлат берилди.
Умуман, 2023 йилда янги уй-жой қуриш ҳажмини 1,5 бараварга ошириб, 90 мингтага етказиш вазифаси қўйилди.