platina.uz

“Афсона” – сиз кутмаган, аммо кўришни истаган сериал

Инсон бу дунёга бир хил — бегуноҳ, айбсиз, фариштасифат гўдак қиёфасида келади. Тақдир, ҳаёт уни ё яхши, ёки ёмон, ё раҳмдил, ёки бешафқат шахсга айлантиради. Аммо ўзгармас бир ҳақиқат бор — ҳар бир юрак, ҳар бир қалб ўз ҳақиқатига эга. “Афсона” ана шундай аччиқ, аламли ва ўз навбатида бахтли ҳақиқатлар ҳақидаги сериаллигини таъкидлаяпти ижодкорлар.
Мақола
16 март 2023 йил


Ижодий гуруҳ

“Афсона” сериали Шоҳруҳ Ҳожимуродов продюсерлигида суратга олиняпти. Оператор ва режиссёр эса Иззат Қаландаров ҳисобланади. Бунга қадар “Қора илон” каби бир нечта фильмлари билан томошабин қалбини забт этган Иззат Қаландаров “Орият”, “Она замин” каби сериалларни ҳам суратга олишга улгурди. Айни дамда эса “Афсона” сериали билан банд.
Иззат Қаландаров сериални суратга олиш ишларига нафақат режиссёр, балки оператор сифатида ҳам ёндашмоқда. Шунинг учун ҳам ҳар бир кадр, ҳар бир сюжет, ҳар бир диалог ва ҳатто диалогдаги ҳар бир сўзга ҳам эътибор қаратмоқда. Қайсидир бир кадрдан бирозгина бўлса ҳам кўнгли тўлмаса, ўша кадр устида қайта ишлашдан эринмайди. Актёрларнинг ҳолати, юз мимикалари, хатти-ҳаракатларига синчковлик билан эътибор қаратяпти. Иззат Қаландаров суратга олиш майдонида бир гапни қайта-қайта такрорлайди: “Биз томошабинга сифатли асар етказиб беришимиз керак. Агар улар сериални шунчаки одатий тарзда кўриб кетса, бу билан ҳеч нарса ютмаймиз. Сериалимиз бошқа сериалларга ўхшаб қолмаслиги лозим. “Афсона” ҳар биримизни ўзбек киносида чинакам афсонага айлантириши керак”.
“Афсона” сериалида ҳар бир қаҳрамон, ҳар бир характерга алоҳида ёндашилган. Бунда бугунга қадар бир қатор кино ва сериалларда ишлаган оператор Жасур Пирназаровнинг ҳам меҳнати алоҳида ўрин тутмоқда. Оператор ҳар бир кадр устида алоҳида ишламоқда ва бу ўз самарасини беряпти. “Афсона” сериалидаги кадрларда ўзгачалик, томошабинга янгилик берадиган жиҳатларга эътибор қаратиляпти, натижада бошқа сериалларни такрорламайдиган ва улардан ажралиб турадиган янги бир асар юзага келмоқда.
Бу ҳаётда мутлақ яхши ёки мутлақ ёмон инсон йўқ. Ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор. “Афсона” сериали сценарийсини ёзаётган Низомжон Исломов ана шу ҳаётий ҳақиқатга таянмоқда. У қаҳрамонлар имкон қадар ҳаётий бўлиши, томошабинда ишончсизлик уйғотмаслиги учун ҳар бир образни ҳаётдан олган. Яъни сериалдаги ҳар бир образнинг ҳаётда ўз прототипи бор. Шунчаки тўқиб чиқарилмаган.
Низомжон Исломов “Орият”, “Ифора” каби сериаллар ва бир нечта новеллалар муаллифи ҳисобланади. У “Афсона” сериали воқеалари ривожига ўзгача ёндашмоқда. Томошабин учун кутилмаган, эсда қоларли ва албатта ибратли воқеалар топиш устида тинимсиз изланмоқда.

Актёрлар жамоаси
“Афсона” сериалининг асосий ютуқларидан бири — актёрлар жамоасидир. Беҳзод Муҳаммадкаримов, Тоҳир Саидов, Зуҳра Ашурова, Саида Раметова ва бошқа бир қанча устоз актёр ва актрисалар сериалга жалб қилинган. Энг муҳими, “Афсона”да бу актёрлар умуман бошқача қиёфада гавдаланади. Масалан, Беҳзод Муҳаммадкаримов “Қодирхон” ва бошқа сериалларидаги ролларидан мутлақо фарқ қиладиган образни гавдалантирган. Тоҳир Саидовнинг ижроси ҳам бошқа образларига умуман ўхшамайди. Бу ижодий жамоа томонидан атайин танланган усул. Негаки томошабинга умуман Беҳзод Муҳаммадкаримовнинг ҳам, Тоҳир Саидовнинг ҳам янгича, ўзгача қиёфасини кўрсатиш мақсад қилинган. Бу ҳам сериал учун, ҳам актёрлар учун ижобий ҳолатдир.
Шунингдек, “Афсона” сериалида Ҳусан Жўраев, Шаҳноза Ҳожимуродова, Камол Бобоназаров, Шерзод Абдувалиев, Мавлуда Ҳикматова, Сабина Муратова, Мирзоҳид Раҳимов, Ўткир Менглиев каби кино ва театр актёрлари ҳам рол ижро этмоқда. Бунда ҳам актёрларга бошқа картиналардаги характерларидан фарқли образлар яратиш имкони берилмоқда. Хусусан, айни дамда сериалларда ва киноларда рол ижро этаётган Камол Бобоназаров, Сабина Муратова, Мирзоҳид Раҳимов, Мавлуда Ҳикматова каби ижодкорлар мутлақо янги образда намоён бўлишмоқда.

Сериал ҳақида
“Афсона” сериалида ҳеч қачон эскирмайдиган туйғулар, муаммолар қамраб олинган. Инсоннинг қалбини ҳар кўйга соладиган соф туйғулар тараннуми, оилавий қадриятлар, ака-ука муносабатлари, ҳасад, ғаразгўйлик, хиёнат... Булар вақт ва замон танламайдиган мавзулардир. Бу шуни англатадики, “Афсона” сериали нафақат бугун, балки бундан ўн ёки эллик йил кейинги томошабинни ҳам асло бефарқ қолдирмайди.
Бу дунёда мол-дунёга сотилмайдиган туйғулар бор. Булар инсон қадри, қариндошлик, жон-жигарлик ришталари, инсонийлик. Бордию бу каби туйғулар нархланса, оқибати яхшилик билан якун топмайди. Агар инсоннинг қалбини, юрагини ёвуз туйғулар забт этса ва вақтида тўғри йўлга қайтмаса, оқибати ёмонлик билан тугаши тайин.
“Афсона” сериалидаги қаҳрамонлар доим икки ўт орасида ёнишга маҳкум. Қаҳрамонлар мол-дунё ва ака-укалик, севги ва оила, ишқ ва қарздорлик бурчи ўртасида, қай бирини танлашни билолмай, доим курашишга, жабр чекишга маҳкум. Қаршисидаги олов куйдиришини билади, аммо ортга ҳам қайтолмайди. Олдинга боришдан бошқа чораси йўқ, хўш, кейин-чи? Ўзини била туриб чоҳга отаётган ёки дунёсидан воз кечиб, севгисини танлашга қарор қилган инсоннинг қисмати нима кечади? Инсоннинг қадрини поймол қилганларни қандай қисмат кутади? Севгиси йўлида ҳар қандай қабиҳ ишга тайёр турган йигит муҳаббатига эришишга лойиқми? У бахтга муносибми? “Афсона” сериали якунга қадар томошабинни шу ва бошқа жавоби мушкул саволларга маҳкум қилади. Якун эса томошабин кутмаган, аммо адолатли.
“Афсона” сериали ўзида бир қанча жанрларни қамраб олган. Бугунги кун ўзбек киносига ўзгача нафас, ўзгача йўналиш билан кириб келаётган сериал, дея бемалол айта оламиз. “Афсона” сиз кутмаган, аммо сиз кўришни истаган сериал.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+