Катта премьера: миллий сериалчиликда янги воқелик
Сериал молиявий фирибгарликнинг аянчли оқибатлари ҳақида ҳикоя қилади.
Пулни ҳалол йўл билан ҳам топиш мумкин, ноқонуний йўл билан ҳам. Тақдимоти ўтказилган “Пирамида” — криминал, детектив жанрда суратга олинган ўзбек миллий сериали ҳам айнан молиявий фирибгарликнинг аянчли оқибатлари ҳақида ҳикоя қилади. Сериал “Менинг юртим” телеканали ва “Panorama Fox” студияси билан ҳамкорликда тасвирга олинган. Унинг ҳозирда 21 та қисмдан иборат 1-фасли суратга олинган бўлиб, ҳар бир қисм давомийлиги 45 дақиқани ўз ичига олади.
Ислом Ҳамро, сценарий муаллифи: “ Ушбу сериал ғояси меники эмас. Ғоя продюсер, “Panorama Fox” студияси раҳбари Умид Соатовники. Айнан мана шу ғоя билан менга мурожаат қилди. Мана бу кейинги пайтда пайдо бўлаётган молиявий пирамидалар урчиб кетди. Ҳозир ҳам фирибгарлик, бир-бирини алдаш, бир нарсани ваъда қилиб халққа кўзбўямачилик қилиш каби долзарб мавзулар бўлганлиги учун менга маъқул келди ва сценарий устида иш бошладик.
Биз шов-шув кўтариш ёки кимнидир қоралаш, оқлаш йўлидан бормадик, балки айнан қайси ҳолатда одам алданиб қолиши мумкин, алданмаслик учун нима қилиш керак ва қайси ҳолатларда қандай алдаяпти одамларни шу жиҳатларига эътибор қаратдик”.
Одатда филм ёки сериалларда бош қаҳрамонлар ўз қаҳрамонини жонлироқ гавдалантириб беришлари учун ўша муҳитда яшашларига тўғри келади. “Пирамида” сериалининг бош қаҳрамонида бу жараён қандай бўлганлигига қизиқдик.
Рустам Аҳмедов, бош қаҳрамон: “Бу филмга тайёргарлик кўриш учун бир неча ой вақт сарфланди. Қайта-қайта тажрибалар, кастинглар бўлиб ўтди. Сочларни олдирдик образга ўхшатиш учун. Бошида анча қийналдик. Қўлимизга кишан таққан саҳнасини ижро этиш бироз қийин бўлди. Сабаби, қўлим ўша пайтда синган пайти эди. Шунинг учун суратга олиш вақтида қийинчилик юзага келди.
Зуҳриддин Рустамов, саҳналаштирувчи режиссёр: “ Бу менинг биринчи катта ишим. Тўғрисини айтсам, биринчи қисмини олишда жудаям бир қийинчиликлар бўлди. Албатта, қийинчилик деб бўлмайди. Завқли қийинчиликлар булар. Пул олди-берди бўлаётган жараёнда ходимларни келиб босиш оммавий саҳнасида бироз қийналдик. Биринчи қисмини суратга олишга тўрт кунча вақт кетди.
Албатта, самарали меҳнат бекорга кетмади. Сериални биринчиларда бўлиб томоша қилган томошабинларимизнинг унинг ўзбек сериал дунёсида катта воқеа бўлганлигини ҳам таъкидлашмоқда. Сериални сиз 25 сентябрдан “Менинг юртим” телеканалида соат 21:30 да томоша қилишингиз мумкин.
Одинахон Деҳқонова