Миллионлар қалбидан жой олган сериал яна эфирда

Мазкур сериалда ўзбек актёрларининг ролларини ҳам алоҳида эътироф этиш керак.

Маданият
19 июль, 13:36
Миллионлар қалбидан жой олган сериал яна эфирда

Кўп сонли мухлислар талаб ва истакларига биноан тарихий воқеалар асос қилиб олинган "Ҳукмдор Усмон" турк сериалининг 5-мавсуми 15 июлдан соат 23:00 да “Менинг юртим” телеканалида такроран намойиш этила бошланди.

Тўртинчи мавсумда нима бўлганди?

Улуғ Усмон бей Никола устидан ғалаба қозонди, аммо унинг ғанимлар билан уруши ҳамон давом этмоқда. Кайи уруғи қудратли ва кучли бўлган сари Эртуғрулнинг ўғлига ўлим тилаётган душманлар сони ҳам ортиб боради. Бала ва Малхун энди нафақат буюк ҳукмдорнинг завжалари, балки чин дугоналар ҳамдир. Уларнинг ўғиллари содиқ ва жасур алплар бўлиб вояга етмоқда. Баланинг хасталиги овулда жиддий хавотирни юзага келтиради. Усмон бей ва Малхун ҳам бундан қаттиқ изтиробда қолади. Усмон бей ҳали кўплаб ғалабаларга эришиши керак, шунда унинг фарзандлари ва набиралари душманларидан қўрқмасдан яшай олишади. Аммо бу қийинчиликлар орасида уни авваллари ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган катта хурсандчилик ҳам кутаётган бўлади.

Бешинчи мавсумда нима бўлади?

Усмон бей зурриёдлари кундан кунга улғаймоқда. Оловуддин ва Ўрхан ўз оталари билан фахрланишади ва унга ҳар томонлама ўхшашга ҳаракат қилишади. Ёш ворислар эртами-кечми улардан бири буюк Усмон Ғозийнинг ишини давом эттириши кераклигини тушунишади. Кайи уруғи ҳукмдори ғалаба яқин эканлигига ва барча душманлар деярли мағлуб бўлганига ишонади. Аммо тақдир яна бир бор уни синовдан ўтказади, у билан тўқнаш келганида буюк Эртуғрул вориси вазият устидан назоратни қўлдан бой бера бошлайди. Фақат завжалари, фарзандлари ва содиқ алпларининг қўллаб-қувватлаши унга янги муаммони енгиб ўтишга кўмаклашиши мумкин.

Сериал ҳақида эътиборга молик фактлар

Сериалнинг бешинчи мавсуми охирги мавсум бўлиши керак эди. Картина продюсери Мехмет Бўздағ янги лойиҳа — “Султон Ўрхан”га тайёргарлик кўраётганини, бу лойиҳа томошабинларга Эртуғрулнинг катта набираси ҳукмдорлиги тарихи ҳақида ҳикоя қилишини маълум қилди. Аммо кейинроқ маълум бўлдики, сериал олтинчи мавсумга узайтирилган.

Тўртинчи мавсумнинг сўнгги қисмлари намойиши пайтида ижтимоий тармоқларда Усмон бейнинг завжаларидан бири ҳалок бўлиши ва бош роллардаги актрисалардан бири лойиҳадан кетиши ҳақида маълумот пайдо бўлди. Кейинроқ Чағри Йилдиз Атиксой (Малхун Хотун) бешинчи мавсумда қатнашмаслиги аён бўлди. Аммо суратга олиш ишлари бошланишидан икки ҳафта олдин Мехмет Бўздағ актрисани қайтаришганини маълум қилди. Сериал актёрлари таркибини Седа Йилдиз ва Рузгар Аксой тарк этди. Томошабинларга улар шайх Эдебали ва Тургут Алп образини жонлантиргани билан ёдда қолади.

Шунингдек, лойиҳа юлдузлари Айгул (персонаж учинчи мавсумда ўлдирилган) ва Жеркутай ролларини ўйнаган Бусе Арслан ва Чағри Шенсой ҳақиқий ҳаётда турмуш қуришга қарор қилишгани маълум бўлди. 2023 йил май ойининг бошида уларнинг унаштирув маросими бўлиб ўтди. Сериалнинг бешинчи мавсумида актёрлар таркибига Эмре Бей (Ўрхан), Ўмер Фарук Аран (Оловуддин), Юлдуз Ражабова (Элчим Хотун), Лея Кирсан (Фотима), Эжем Сена Байир (Холафира), Белгин Шимшек (Гўнжа Хотун), Юсуф Гўктай Аталай (Юнус Эмро), Эмре Динлер (Мехмет) ва бошқалар ҳам қўшилган.

Дунёнинг 120 га яқин давлатида, жумладан, усмоний туркларнинг ота юрти бўлмиш юртимизда ҳам телетомошабинлар томонидан севиб томоша қилинаётган мазкур сериал аллақачон халқаро миқёсга кўтарилиб, унга турли-туман мамлакатлардан таниқли ва моҳир актёр ва актрисалар рол ўйнаш учун таклиф этилмоқда. Хусусан, ўзбекистонлик бир қатор актёрлар ҳам ушбу сериалда турли ролларни моҳирона ижро этиб томошабинлар олқишига сазовор бўлишди.  Жумладан, Маъруф Отажонов Гейхату образини, Акбархўжа Расулов Нўён Субутой образини, Жавоҳир Зокиров амир Гўрклухан образини жонлантирган бўлса, янги мавсумда таниқли актрисамиз Юлдуз Ражабова Элчим Хотун ролини ижро этиб келмоқда.

telegram
telegram

Телеграмда кузатиб боринг!

Platina
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+