Очилмаган сирлар: Моҳенжа-Дарони ядро уруши вайрон қилганми?
Ядро бомбаси Иккинчи жаҳон урушидан кейин ихтиро қилинган ва синаб кўрилган бўлса, минглаб йил аввалги маданият вакиллари бу технологияларни қаердан олган?
Моҳенжа-Даро... Бу ном асрлар қаъридан элас-элас келаётган шивирлашга ўхшаб эшитилади. Бир неча минг йиллар аввалги даврларни ёдга солади.
Санскрит тилидан таржима қилинганда, “Мўинжу Дару” – "Ўликлар тепалиги" деган маънони англатади. Ҳинд дарёси бўйида йўқолган бу шаҳар ҳақиқатан ҳам кўплаб сирларни ўз бағрига яширган.
Қадимий маданият маркази
Ҳозир Покистоннинг Синд вилояти ҳудудида, замонавий Ларкана шаҳридан 28 км жанубда жойлашган қадимий Моҳенжа Даро шаҳри 250 гектардан зиёд майдонни эгаллаган. Бу ерда тахминан 35 минг киши яшаган. Археологик топилмаларга қараганда, Моҳенжа-Даро қишлоқ хўжалиги музофотининг маркази, ҳунармандчилар шаҳри бўлган. Улар метал ва тошга ишлов бериш, кулолчилик, заргарлик буюмлари ясаш ҳамда тижорат билан шуғулланишган.
Архелог ва тарихчиларга кўра, Моҳенжа-Даро эрамиздан аввалги 2600 йилда пайдо бўлган ва бундан 900 йилча аввал одамлар уни тўсатдан тарк этишган. Ушбу қадимий шаҳар вайроналари ҳамон археологлар, тарихчилар ва фитна назариялари мухлислари орасида ҳайрат ва саволларни келтириб чиқаради. Бу қадимий макон аҳолиси ким бўлган? Тўрт минг йил олдин бу ерда нималар рўй берган? Нега уларнинг аниқ муҳандислик ҳисоб-китоблари асосида қурилган шаҳри йўқолиб кетишга маҳкум бўлган? Нега бу ерда 4000 йил аввал ядро бомбаси портлаган деб ўйлашади? Ядро бомбаси Иккинчи жаҳон урушидан кейин ихтиро қилинган ва синаб кўрилган бўлса, минглаб йил аввалги маданият вакиллари бу технологияларни қаердан олган?
Бу гипотеза шунчалик ақл бовар қилмайдиганки, у пост-апокалипсис ҳақидаги кинофилм сценарийсига ўхшайди, ақлни маҳв этади ва тасаввурни ҳаяжонга солади. Бу воқеа олимларни ҳам, конспирация мухлисларини ҳам саволларга кўмиб ташлайди. Aммо бу борадаги баҳсларда илмий ҳақиқат қаерда тугайдию, хаёлий тахминлар қаердан бошланади?
Орзулар шаҳри: ўликлар тепалигидаги ҳаёт
Тор кўчалари кенг хиёбонлар билан туташиб кетган, пишиқ ғиштдан қурилган уйлар замонавий маҳаллаларни эслатувчи гавжум пойтахт шаҳарни тасаввур қилинг. Бу шаҳарда ҳатто канализация тизими ҳам бўлган. Бундай қулайликни кўпчилик қадимги цивилизациялар орзу қила олмаган. Моҳенжа-Даро аҳолиси савдо-сотиқ билан шуғулланган, санъатга ошуфта бўлган, деҳқончилик билан шуғулланган, ўз илоҳларини ўйлаб топиб, уларга сиғиниш билан кўнгилларига таскин излаган.
Сурат:
Ва тўсатдан – ҳамма нарса ғойиб бўлади. Шаҳар бўшаб қолади. Уйлар вайронага айланади. Кўчалар ўт-ўланларга тўлади. Бир вақтлар ҳаёт ва маданият гуркираган маъво ўлимни эслатувчи сокин ва очиқ қабристонга айланади.
XX асрда қазиш ишларини бошлаган археологлар ўз кўзларига ишона олмадилар: минг йиллар аввал бу шаҳарда тараққиёт жиҳатидан қадимги дунёнинг бошқа буюк маданиятларидан қолишмайдиган цивилизация излари топилади.
Aммо улар топган нарсалар янада кўпроқ саволлар туғдирди. Шаҳарнинг баъзи қисмлари гўё ақл бовар қилмайдиган кучли аланга билан ёқиб юборилганга ўхшарди. Бу ерлардаги тош ва ғиштлар кучли иссиқликдан эриб, шишага айланиб кетган. Инсон скелетлари эса кўчаларда тартибсиз сочилиб ётибди – гўё ўлим уларга тўсатдан, ҳеч ким кутмаган пайтда рўбару келган. Бу топилмалар энг кескин фаразлардан бири учун асос бўлди: шаҳар ядро бомбаси портлаши оқибатида вайрон бўлгандир эҳтимол?
Шаҳарни тўсатдан тарк этишлари борасида олимлар турли тахминларни илгари суришган. Масалан, душман бостириб келган бўлиши ва аҳоли саросимага тушиб шаҳарни тарк этиб, қайтиб келишга қўрққан бўлиши мумкин. Ёки сув тошқини ва бошқа экологик табиий офатлар ҳам сабабчи қилиб кўрсатилади. Аммо диққатни тортадиган тахминлардан бири – бу шаҳарга қадимий маданият вакиллари (ёки ўзга сайёраликлар) ҳужум қилиб, атом бомбаси ташлаган ва шаҳар бир зумда кимсасиз харобага айланган.
Қадимги атом бомбаси портлашлари тахмини тарафдорларининг далиллари
Моҳенжа-Дародаги ядро уруши назарияси бир нечта ҳайратланарли фактлар билан тасдиқланади бир қарашда:
- Юқори ҳарорат излари. Шаҳарнинг баъзи жойларида гўё ақл бовар қилмайдиган иссиқлик таъсирида эриб кетган ғишт ва тошлар топилган. Зеро, ғишт ва қумлар эриб шишага айланиши учун 1300 даража иссиқлик керак. 4000 йил аввал бу ҳароратни ҳосил қилиш ва сақлаб туриш технологиялари мавжуд бўлмаган. Бундай вайронагарчилик бизга Хиросима ва Нагасаки воқеаларидан маълум ядровий портлашларнинг оқибатларини эслатади.
- Очиқ ҳавода скелетлари топилди. Биринчи тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, шаҳар кўчаларида топилган одамларнинг қолдиқлари табиий кўринмаган. Бундан ташқари, баъзи маълумотларга кўра, бу суяклар таркибида радиация таъсирида пайдо бўлувчи радиоактивлик даражаси одатдагидан юқори бўлган.
- Қадимги ҳинд афсоналари. Ядро уруши тарафдорлари “Маҳабҳорат”, “Рамаяна” каби афсонавий асарларни мисол келтиришади. Улар бутун бошли шаҳарларни йўқ қилиб юборишга қодир қуролларни эслатиб ўтадилар. Aйниқса, "Браҳмастра" – кучи гўёки "минг қуёш" билан таққосланадиган қуролга урғу беришади.
Aммо бу далиллар қанчалик ҳақиқат? Қай даражада хаёлот маҳсули ҳисобланади. Ёки биз оддий изоҳлардан кўра афсонавий ва драматик жавобларга инсоний мойиллигимиз кўзимизни бойлаяптими?
Илм-фан фантастикага қарши: мутахассислар нима дейишади?
Моҳенжа-Дарони ўрганган олимларнинг таъкидлашича, ядро уруши ҳақидаги назария шунчаки афсонадир. Улар ушбу фикр исботи сифатида қуйидаги далилларни келтирадилар.
1. Ғиштларнинг эриб кетиши: оловми ёки бошқа нарсами?
Эриб шишага айланган ғиштлар ва куйган деворлар фақат атом портлашининг натижаси бўлавермайди. Оддий ёнғинлар ҳам шундай оқибатга олиб келиши мумкин. Қадим замонларда шаҳар ёнғинлари жуда юқори ҳароратга чиқиши мумкин эди, айниқса, бинолар ёғоч ёки сомон каби ёнувчан материаллардан қурилган бўлса. Қолаверса шарсимон яшинлар ҳақидаги талқинлар ҳам анча оммабоп.
2. Скелетлар ва радиация: фактлар ёки миш-мишлар?
Қолдиқлар топилган жой ғалати кўринади, аммо бу таналарнинг парчаланиши ва табиий жараёнларнинг натижаси бўлиши мумкин. Радиоактивликка келсак, кейинги тадқиқотлар унинг мавжудлигини тасдиқламади. "Радиоактив скелетлар" ҳақидаги даъволар эҳтимол нотўғри ўлчаш оқибатлари ёки муболағалар натижасидир.
3. Aфсоналар ва ҳақиқат
“Маҳабҳорат”а ва “Рамаяна” тимсол ва метафораларга бой достонлардир. Улар реал воқеаларни тасвирламайди, аксинча, мифологик аллегориялар холос. Бутун шаҳарларни йўқ қилишга қодир қуроллар қадимги одамларнинг юқори технологияларга эгалигидан далолат бермайди. Бу шунчаки адабий муболаға бўлиши мумкин.
4. Экологик офатлар
Моҳенжа Даронинг таназзулга учрашининг асосий сабаби, олимларнинг фикрига кўра, экологик ва ижтимоий ўзгаришлар бўлиши мумкин. Ҳинд дарёси оқимининг ўзгариши, тупроқнинг емирилиши, тошқинлар – буларнинг барчаси аҳолини шаҳарни тарк этишга мажбур қилган эҳтимол.
Нега ядро уруши ҳақидаги афсона шу қадар оммалашган?
Биз инсонлар доимо сенсацияларга интиламиз. Aнтик даврнинг юксак даражада ривожланган цивилизациясининг ўз технологияси билан ўзини йўқ қилгани ҳақидаги ҳикоя нафақат қўрқинчли, балки ибратли ҳам эшитилади. Бу ядровий можаро хавфи остида қолган биз, сайёрамизнинг замонавий аҳолиси учун гўёки тарихий огоҳлантиришдек янграйди.
Фош этилишини кутаётган сир
Моҳенжа-Даро шаҳрининг вайрон этилиши билан боғлиқ талқинлар орасида ядро уруши ва бошқа тахминларнинг кўплигига қарамасдан, ҳар бир тахминда мунозараларга ва ишонмаслик учун асос бўладиган жиҳатлар кўп. Шу боис уларнинг ҳеч бири ҳозирча илмий тавсиф сифатида қабул қилинмаган. Шу боис Моҳенжа-Даро тарихи ҳамон очилмаган сирлигича қолмоқда. Лекин бу шаҳар маданияти сирли равишда йўқ бўлиб кетган эса-да, ундан қолган иморатлар ҳатто энг илғор цивилизациялар ҳам қулаши мумкинлигини эслатиб туради. Табиатдаги ҳаёт учун кураш ва озуқа занжирининг энг тепасида турган инсон учун энг хавфли таҳдид – бу инсоннинг ўзи бўлиши мумкинлигидан огоҳлантириб туради.