Ўзбек киносида узоқ “уйқу”дан сўнг катта премьера: “Чимилдиқ” филми
Бюджетдан бир сўм ҳам ишлатилмай, хусусий ташкилотлар томонидан суратга олинган, кинотеатрларга янгидан “жон” киритаётган ва хориж давлатларининг катта экранларини забт этаётган “Чимилдиқ” фильмининг очиқ премьераси бўлиб ўтди.

19 апрел куни Тошкент шаҳридаги Tashkent City Mall савдо марказининг Cinematica кинотеатрида медиа ва жамоатчилик вакиллари учун янги бадиий филм – “Чимилдиқ” суперкомедиясининг премьераси ўтказилди.
Премьерага Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари ходимлари, жамоатчилик фаоллари, блогерлар ва бошқа таниқли шахслар, шунингдек, Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ташриф буюрди.
Ушбу филм инсоний муносабатлар ва қадриятлар, турли синовларни бошдан кечирган персонажлар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилиб, ўзбек кинематографиясининг янги ютуқларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Мавзуга доир: “Чимилдиқ” филми – ўзбек кино саноатидаги янги нафас
Қувонарлиси, филмга бюджет маблағлари ишлатилмаган, тўлиқ хусусий ташкилотлар томонидан суратга олинган бўлиб, нафақат Ўзбекистон, балки хориж давлатларини, хусусан, Қозоғистон ва Озарбайжоннинг энг катта кинотеатрларини забт этмоқда.
Мавзуга доир: “Чимилдиқ” филми Озарбайжонни ҳам забт этди
Бир сўз билан айтганда, ушбу филмни барча соғинадиган носталгия даврлардагидай, юқори савия, мустаҳкам сценарий ва юқори актёрлик маҳорати билан йўғрилган ҳақиқий ўзбек киноси, дейиш мумкин.
Премьерадан сўнг филм ҳақида ижтимоий тармоқларда янграётган фикрлар
Журналист Ҳамза Жумаев:
Бир кинода жамиятдаги ўнлаб муаммолар комедияга ўраб олиб чиқилган. Ўринсиз рашк, карьера деб бола туғишни истамаслик, оилада эркакнинг роли, никоҳдан моддий манфаат кўзлаш, кимўзарга дабдаба қилиш, ношукурлик, ёшларнинг оилага тайёрлиги каби кўплаб саволларни қўйган ижодкорлар. Бошидан охиригача ўз ҳолимизга қаҳ-қаҳ отиб кулиб ўтирдик...
Кино жуда ёшларбоп. Ақл ўргатмайди, фалсафа сўқимайди. Кўрсатади, хулосани ўзингизга қолдиради.
“Profi” таълим кластери асосчиси Бектош Ҳотамов:
“Чимилдиқ” филми ўзига хос ижтимоий муаммони комедия жанрида олиб чиқа олибди, чимилдиқнинг ўрни филмда рамзий маънога эгадир, аммо у кучли ижтимоий юк - оила аталмиш муқаддас ижтимоий бирликнинг енгил-елпи қарашлар туфайли барбод бўлишини очиб берган.
Албатта, филмни томоша қилинг, ҳам куласиз, ҳам йиғлайсиз, ҳам керакли жойида ўйга толасиз.
Блогер Мирсаид Ҳайдаров:
Ҳозир оила бузилиши осон бўлиб кетган. Арзимас сабаблар, маиший муаммолар, келишмовчилик туфайли ёш оилаларга дарз кетяпти. Мана шу масалани кино шаклида олиб чиқишибди. Ёшларбоп бўлиши учун комедия жанри танлаган деб ўйлайман. Чунки шу орқали ёшларга оила, чимилдиқ муқаддас эканлигини етказиш мумкин. Филмда шу деталларни очиб беришга ҳаракат қилинган.
Дарвоқе, ушбу филмнинг премьерасига Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг ташриф буюриши, ёш оилаларни арзимас сабаблар билан ажралиб кетишларининг олдини олиш давлат сиёсати даражасида эканлигини кўрсатади.
Журналист Лайло Рустамова:
Бугун ёш оилалардаги ажрим муаммосини кўтарган “Чимилдиқ” суперкомедия филми премьерасида бўлдим. Жанр комедия бўлишига қарамай, мавзу жуда жиддий. Ҳар бир ҳазил ортида таниш воқеалар, дардли кулгилар бор.
Интернетдаги ўтган йилги статистикани қарасам, Ўзбекистонда ҳар учинчи никоҳ ажрашиш билан тугаган экан. Бу — ҳаётимиздаги реал оғриқли факт.
Мен ҳам бир вақтлар бундай жараённи бошимдан кечирган инсон сифатида бугунги филмни бошқача кўз билан томоша қилдим… қаҳрамонларнинг кечинмаларини ҳис қилдим…
Шу ўринда бу филмни барчага — айниқса, муносабатларда қийин даврни бошдан кечираётганларга кўришни тавсия қиламан.
Маълумот учун, филмда асосий ролларни актёрлар Дадахон Обидов, Ситора Алимжонова, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Хосият Ҳусанова, Толиб Мўминов, Муяссар Бердиқулова, Дилшодбек Каттабеков, Зуҳра Солиева, Саид Мухторов, Бобур Айтбаганбетов, Моҳларой Собирова, Бобур Пирматов, Азиза Абдуллаева, Каромат Исамова, Нуржаҳон Ҳайдарова, Зарина Йўлдошева маҳорат билан ижро этишган.