"Чимилдиқ" филми – ўзбек кино саноатидаги янги нафас
Platina.uz мухбири янги супер комедиянинг эксклюзив томошабинига айланди. Хўш, филм нима ҳақида?
Одамлар кинони фақат маънавий тарбия, фалсафий мазмун ва миллий қадриятларни англаш учун томоша қилмайди. Улар, энг аввало, дам олиш ва кўнгилочиш учун кинотеатрларга ташриф буюришади. Бироқ охирги йилларда ўзбек киносида кўнгилочар жанрдаги филмлар камайиб кетгани боис, хусусий кинотеатрларда асосан Ҳолливуд картиналари намойиш этилмоқда. Улар кўпинча рус тилида бўлиб, кенг оммага мўлжалланмаган. Яқинда юртимизда суратга олинган “Чимилдиқ” филми ана шу бўшлиқни тўлдирадиган ҳодиса бўлди.

Янги филм – янги қадам
"Чимилдиқ" филми халқчил мазмуни ва қувноқ комедияси билан катта эътибор қозониши кутилмоқда. Бу ўзбек киносаноатининг ўтмишдаги шуҳратини тиклаш сари биринчи қадам бўлади, деган умиддамиз. Зеро, ўз даврида ўзбек киноси бутун Марказий Осиёда етакчи ўринда эди. Бутун собиқ иттифоқ ўзбек филмларини катта қизиқиш билан томоша қилишган.
Тўғри, ҳозир ҳам юртимизда давлат томонидан тарихий ва жиддий кинолар яратилмоқда, лекин улар кутилган даражада оммалашмаяпти, уларни барча қатламдаги ва қизиқишдаги томошабинлар катта қизиқиш билан қабул қила олмаяпти. Давлат маблағи ҳисобидан суратга олинган филмлар техник ва ижодий жиҳатдан кучли бўлса-да, шу пайтгача кўнгилочар, халқнинг ҳаётини акс эттирувчи кино асарлар йўқ даражада эди. "Чимилдиқ" мана шу бўшлиқни тўлдириш йўлидаги илк жиддий қадамлардан бири бўлди, дейиш мумкин.
"Чимилдиқ" фантастик комедия жанрида суратга олинган ва бу уни томошабин учун янада қизиқарли қилади. Филм йирик бюджетли картина кўринишини беради, аммо унинг муҳим жиҳати шундаки, у давлат маблағлари ҳисобига суратга олинмаган. “Чимилдиқ”ни ижодкорлар ўз молиявий ресурслари ва имкониятларини ишга солган ҳолда яратишган.

Филм сюжети: мўъжизавий жазо ёки тақдир ўйини?
Филм ёш оилалар орасида кўпайиб бораётган беқарорлик ва шошқалоқликка қарши мурожаат сифатида яратилган. Шунга қарамасдан, филмни синчиклаб кўрган томошабин албатта унинг ҳажвий руҳиятини ҳис қилади. Бир қарашда, “Чимилдиқ” – гўёки фантастик комедия. Аммо воқеалар ривожига чуқурроқ назар ташласак, бу ёш оилалар учун муҳаббат имтиҳони эканини англаш мумкин.
... Бош қаҳрамонлар Тоҳир ва Зуҳра бир-бирини яхши кўришади, турмуш қуришади, бироқ ҳаётнинг оддий синовларига бардош бера олишмайди. Зеро, ҳақиқий муҳаббат нафақат гўзаллик ва романтика, балки уни сақлаб қолиш учун курашиш ҳам демакдир. Улар ажрашишга қарор қилишади, аммо... тақдирнинг ўз режаси бор. Ҳар тонг қаерда ухламасинлар, улар музейдаги тарихий чимилдиқ ичида уйғонишади! Бу тушми ёки мўъжиза?..
Ўзаро тушунмовчиликлар ва шубҳалар билан бошланган воқеалар ривожи, охир-оқибат, оила муқаддаслигини англаш ва биргаликдаги ҳаётда ҳар қандай муаммоларни енгиш мумкинлигини исботлайди.

Муҳаббат ва худбинлик ўртасидаги азалий кураш
Филм давомида қаҳрамонлар бир-бирларини айблашади, ўзларини оқлашади, ҳатто бир-бирларидан қочишга уринишади. Бироқ аслида ўзаро муносабатлардан қочиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, бу қанча узоқ масофа ва даврга чўзилиши мумкин? “Чимилдиқ” бу саволга беназир тарзда жавоб беради: муҳаббат инсондан ёлғизликка қочиш эмас, балки у билан юзма-юз келиб, уни қабул қилишни талаб этади!
Кейинги сафар уйғонишганида, Тоҳир ва Зуҳра музейдаги тарихий экпонатларни кўриб, аждодларимизнинг оиладаги сабр-тоқати, бир-бирини тушуниш ва қадрлаш борасидаги тажрибасини англай бошлашади. Ана шу ўзига хос ўтмишга қисқа саёҳат орқали улар ақлларини ишга солишади, туйғуларини қайта баҳолашади.
Филмнинг юмористик услуби ва сирли воқеалари актёрларга катта масъулият юклайди. Бош қаҳрамонларнинг драматик ва комик ҳолатлардан ўтишлари Дадахон Обидов ва Ситора Алимжанова томонидан табиий ҳамда ишонарли тарзда ижро этилган. Улар ўз образларини шунчалик табиий яратиб беришганки, томошабин ҳар бир қараш, ҳаракат ва ҳатто сукут ортидаги маъноларни англашга уринади.

Деталларга эътибор
“Чимилдиқ” филми визуал жиҳатдан ҳам юқори савияда ишланган. Ундаги ранглар танлови ва тасвирий композиция юксак профессионаллик билан ташкил этилган.
“Чимилдиқ”нинг визуал услуби ҳам катта эътиборга лойиқ. Оператор Зиёвиддин Султановнинг камера иши, тарихий муҳитни қайта тиклаш учун қурилган декорациялар, Жамшидбек Махсумовнинг бадиий безаклари томошабинга миллий анъаналар ва тарихий муҳитни ҳис этиш имконини беради, бастакор Маманазар Хабибуллонинг мусиқий ечимлари, ўзбек анъанавий нақшлари ва ранг палитраси филмнинг эстетик жиҳатини кучайтиради.
Бу филм нафақат бир неча жуфтликлар ҳақидаги ҳикоя, балки миллий қадриятлар, тарихий обидалар ва замонавий оилавий муносабатлар чорраҳасида юз берган эстетик жараён, дейиш мумкин.
Кино қаҳрамонларинниг кийимлари ҳам дид билан танланган. Масалан, либосчи Шаҳзода Зуннунова татбиқ этган ижодий ечимлардан бири ўлароқ, бош қаҳрамоннинг либосларида юракча шакли ва севги рамзлари тизимли равишда акс эттирилган. Кейинги сафар кўрсатилганида севги маъносини англатувчи эможи тасвирини кўриш мумкин. Шунингдек, Зуҳранинг кўйлагида ҳам севги тимсоллари туширилган. Бундай тимсолий белгилар Тоҳир ва Зуҳранинг бир-бирлари учун, севиш ва севилиш учун яратилганига ишора қилади.
Уларнинг музей саҳнасида ўзбек миллий кийимларида экранда пайдо бўлиши ҳам филмга миллий руҳ бағишлайди. Миллий либослар ва қадриятларнинг намоён этилишини ҳам филм ютуқларидан бири, дейиш мумкин.
Бу тасвирий деталлар филмнинг умумий муҳитига ижодий чуқурлик бағишлайди. Зуҳра ролини ижро этган Ситора Алимжанованинг филмнинг турли саҳналарида 20 хилдан ортиқ соч турмаклари билан кўриниш бериши ҳам филмга визуал бойлик қўшади.

Филмни суратга олиш жойлари жуда яхши танланган. Ижодкорлар Тошкентнинг гўзал ва замонавий жойларини намойиш этишни маъқул кўришган. "Чимилдиқ" филми орқали пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари, масалан, "Magic City", чиройли кўчалар, тарихий бинолар кенг аудиторияга тақдим этилган. Бу филм келажакда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб этишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
"Чимилдиқ" филмининг келажаги ҳам истиқболли кўриняпти. Маълумотларга қараганда, филм бир нечта хорижий давлатларда ҳам намойиш этилиши режалаштирилган.
Жумладан, 10 апрел куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрида катта премьераси бўлиб ўтади. Кейинроқ эса Қозоғистонда ҳам намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса ўзбек кино саноати учун янги имкониятлар эшигини очади. Бундан ташқари, филм миллий қадриятлар ва оила муқаддаслиги каби тушунчаларни нафақат маҳаллий, балки халқаро миқёсда ҳам кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.
Қайта-қайта кўриладиган филм
Албатта, ҳар қандай филмда бўлганидек, "Чимилдиқ" ҳам баъзи камчиликлардан ҳоли эмас. Бироқ, бу нуқсонлар унинг умумий ютуғига соя сола ола олмайди. Аксинча, мазкур филм янги форматдаги, замонавий, қизиқарли ва халқчил киноасар сифатида ўзбек кино саноатидаги ижобий тенденциянинг бошланиши бўлади. Бу филм кўп йиллар давомида одамлар қайта-қайта томоша қилишни истайдиган филмлардан бирига айланиш эҳтимоли юқори.

"Чимилдиқ" филми нафақат миллий кино саноатига янги нафас олиб киради, балки халқаро миқёсда ҳам ўзбек маданиятини кенг ёйишга хизмат қиладиган филм бўлиш салоҳиятига эга. Эндиги вазифа – мана шундай филмлар сонини кўпайтириш ва хусусий кино саноатини янада ривожлантиришдан иборат.
Қисқа қилиб айтганда, “Чимилдиқ” бугунги ёшлар учун керакли филм. У ажрашиш — мазкур оғриқли ижтимоий муаммонинг ечими эмаслигини кўрсатади. Баъзан энг қийин вазиятларда ҳам сабр ва тушуниш билан тақдир тўсиқларини енгиб ўтиш мумкинлигини ўргатади. Бу филмни нафақат оила қурганлар, балки оилавий ҳаётга тайёрланаётганлар ҳам кўриши лозим. Энг муҳими, филм бир нарсани эсдан чиқармасликни уқтиради: муҳаббат – бу тақдир эмас, балки танлов. Ва уни сақлаб қолиш, ёки йўқотиш – ҳар бир инсоннинг ўз қўлида.
Абулфайз Сайидасқаров