platina.uz
Жамият

Тошкентда наркосавдогар оила қўлга олинди

Улар Тожикистондан гиёҳвандлик воситаларини контрабанда қилиб, пойтахтда сотиш билан шуғулланиб келган. 

Тошкентда наркосавдогар оила қўлга олинди

Тошкент шаҳрида наркосавдогар оила аъзоларидан 8 кг гиёҳвандлик воситаси олинди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Божхона бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Унда Тожикистон Республикасидан гиёҳвандлик воситаларини контрабанда қилиб, пойтахтимизда сотиш билан шуғулланиб келган оила аъзолари қўлга олинди.

Хусусан, Тошкент вилоятида “Оҳангарон – Пискент” йўналишида ҳаракатланаётган, олдиндан кузатувга олинган “EQUINOX” русумли автотранспорт воситаси текшириш мақсадида тўхтатилди.

Натижада, автомашинада бўлган Тошкент шаҳрида яшовчи, 1976 й.т. аёл ва унинг 1999 й.т. ўғли – тожикистонлик танишлари томонидан контрабанда йўли билан Тошкент вилояти ҳудудига ўтказилиб, хуфия жойда қолдирилган гиёҳвандлик воситасини олиб кетиш учун кетаётганликлари маълум бўлди.

Сўнгра уларнинг уяли алоқа воситалари текширилганида, тожикистонлик шахс томонидан “Телеграм” мессенжери орқали наркотик модданинг геолокацияси ва фотосуратлари юборилганлиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилди ҳамда Пискент тумани ҳудудидаги йўл четига яшириб кетилган 4 кг 985 гр “гашиш” моддаси ашёвий далил сифатида олинди.

Шунингдек, уларнинг Олмазор туманидаги яшаш хонадонидан ҳам 1 кг 124 гр “опий” ва 1 кг 976 гр “гашиш” моддалари олинди.

Бундан ташқари, аёлнинг – 1996 й.т., муқаддам судланган ўғли ҳам процессуал тартибда ушланди.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid