Хитойдаги кўмир конида портлаш: 80 нафардан ошиқ киши ҳалок бўлди
Бахтсиз ҳодиса пайтида 247 ишчи ер остида бўлган.

Хитойдаги кўмир конидаги портлашда 80 дан ортиқ ишчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда давлат оммавий ахборот воситалари хабар берди.
Хитойнинг шимолий Шанси провинциясидаги кўмир конида газ портлаши натижасида камида 82 киши ҳалок бўлди, яна тўққиз киши бедарак йўқолди, деб хабар беради шанба куни Синхуа давлат ахборот агентлиги.
Газ портлаши жума куни кечқурун Қингюан округидаги Лушеню кўмир конида содир бўлган. Агентлик хабар беришича, бахтсиз ҳодиса пайтида 247 ишчи ер остида бўлган.
Қингюандаги маҳаллий фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига кўра, қутқарув операцияси давом этмоқда ва бахтсиз ҳодиса сабаби аниқланмоқда.
Reuters агентлигининг таъкидлашича, илгари кондан атиги саккиз ишчи ҳалок бўлгани ва 200 дан ортиқ ишчи қутқарилгани ҳақида хабар берилган. Қурбонлар сонининг кескин ўсиши сабаби расман тушунтирилмаган.
Reuters хабар беришича, 2000-йилларнинг бошларидан бери Хитой хавфсизлик қоидаларини янада қатъийлаштириш туфайли кўмир конларида ўлим ҳолатлари сонини сезиларли даражада камайтирди. Лушеню кони фожиаси сўнгги ўн йилликда мамлакатдаги энг ҳалокатли воқеалардан бири бўлди.
