Хитойлик амалдор 150 минг долларга давлат сирларини сотгани учун ўлимга ҳукм этилди
Жосуслик фаолияти давомида амалдор 100 дан ортиқ разведка материалларини топширган, улардан 35 таси кейинчалик давлат сири сифатида таснифланган.

Хитойлик амалдор давлат сирларини ошкор қилгани учун ўлим жазосига ҳукм қилинди.
Хитой Давлат сирларини ҳимоя қилиш бўйича давлат бошқармаси маълумотларига кўра, Ма лақабли амалдор чет элда ишлаётган пайтда ёлланган.
Хитойга қайтиб келганидан сўнг, у хорижий разведка идоралари билан ҳамкорлик қилишда давом этди ва раҳбарининг топшириқларини бажарди.
Жосуслик фаолияти давомида амалдор 100 дан ортиқ разведка материалларини топширган, улардан 35 таси кейинчалик давлат сири сифатида таснифланган. У тақдим этган маълумот учун 1 миллион юандан (тахминан 150 000 доллар) ортиқ пул олди.
Ўлим жазоси ҳақидаги хабар Хитой давлат оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилди ва 23 ноябрь куни эрталаб Weibo ижтимоий медиа платформасида энг кўп муҳокама қилинган мавзулар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади.
Сўнгги йилларда Хитой Давлат хавфсизлик вазирлиги ва Давлат сирлари бошқармаси расмийларни хорижий разведка идоралари томонидан ёллаш таҳдиди ҳақида огоҳлантириш учун ижтимоий тармоқлардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда.





