Ялта учрашувими ёки Молотов-Риббентроп пакти?
Трамп, Си Цзинпинь ва Путиннинг Шэнчжэндаги саммити янги жаҳон тартиботими, геосиёсий савдолашувми ёхуд тарихий хатоларнинг такрорланишими? Мазкур учрашувни айрим сиёсатшунослар ва халқаро ОАВ аллақачон "Ялта–2", яъни янги жаҳон тартиботининг шаклланишига асос солиши мумкин бўлган тарихий анжуман сифатида талқин қилмоқда.

Россиянинг Украинага бостириб кириб уруш бошлаганига ҳам 4 йилдан ошиб кетди. Киевни 3 кунда босиб олишни даъво қилган агрессор юз минглаб жонли кучни аямай ўлим ўчоғига ташлаётганига қарамасдан, ҳатто Донбасс вилоятини ҳам тўлиқ қўлга кирита олмаяпти. Бунга ўзининг кучи ҳали-бери етмаслигига амин бўлган Россия етакчиси Владимир Путин энди Хитой ва АҚШнинг пинжига тиқилиб, Украина президентини шундай ён беришга мажбурламоқчи.
Тан олиш керак, АҚШда Украин етакчиси Владимир Зеленскийга таъсир кўрсатиш учун керагидан ортиқ пишанглар бор – қурол яроғ таъминоти, геосиёсий таъсир ва ҳоказо. Шу боис, Украина президенти Владимир Зеленский ҳам сўнгги пайтларда муайян шартлар асосида ҳудудий масалаларни умумхалқ референдумига қўйиш имкониятини истисно этмаяпти. Хусусан, Reuters агентлигининг 2026 йил 14 ноябрдаги хабарига кўра, Абу-Дабидаги музокаралар чоғида АҚШ вакиллари Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши эвазига Донбасснинг Киев назоратида қолган ҳудудларидан Украина қўшинларини олиб чиқиш имконияти масаласини кўтарган. Зеленский ишончли хавфсизлик кафолатлари, кучли миллий армияни сақлаб қолиш ва мамлакатни қайта тиклаш учун молиявий кўмакни назарда тутувчи кенг қамровли келишувга эришилган тақдирда, уни умумхалқ референдумига қўйишга тайёрлигини билдирган. Лекин у Украина ҳудудларини Россияники сифатида тан олишни рад этган.
Украина масаласи шу пайтгача кўплаб дипломатик майдонларда ва турли форматларда муҳокама қилинди. Бироқ урушни тўхтатиш ва якуний сулҳга яқин ҳам келинмади. Чунки можаронинг ҳар икки томони ҳам ўзини ҳақ деб ҳисоблаяпти ва бир-бирига тамоман қарама-қарши позицияларда турибди. Қолаверса, Трампнинг ғайриоддий қўлловидан руҳланган, жонига қасд қилишларидан қўрқиб ўзини бункерда иҳоталаб олгани боис реалликдан узилиб қолган ёки қўмондонларининг “урра-уррачилик” руҳидаги (балки унинг ғазабидан қўрқиб) қалбаки ғалаба ҳисоботларига ишониб қолган Путиннинг геосиёсий иштаҳаси тобора ҳакалак отиб кетяпти. Россия етакчиси аввалги талабларига қўшимча равишда энди НАТОдан Марказий Осиёга бурун суқмаслик ва 1997 йилги чегараларга қайтишни, ҳатто Финлияндиянинг НАТОдан чиқиб кетишини талаб қиляпти.
(Кези келганда айтиш жоиз, Путин “НАТОнинг Шарққа томон кенгайишининг олдини олиш учун Украинага уруш очдим” дея casus belli (лат. “уруш очишга баҳона”) кўрсатганига қарамасдан, унинг мақсадига зид равишда Путин Финлияндия ва Швециянинг НАТО қучоғига отилиб, Москва зўравонлигидан паноҳ сўрагани – Путин фаолиятидаги энг шармандали ва аламли мағлубият бўлган эди).
Янги пайдо бўлган, аммо ишонч кам умид
Шу кунларда жаҳон сиёсати навбатдаги тарихий синовга гувоҳ бўлиши мумкин. Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Хитойнинг Шэнчжэн шаҳрида Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммити доирасида АҚШ президенти Доналд Трамп, Хитой раиси Си Цзинпинь ва Россия президенти Владимир Путиннинг уч томонлама учрашуви ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур учрашувни айрим сиёсатшунослар ва халқаро ОАВ аллақачон «Ялта–2», яъни янги жаҳон тартиботининг шаклланишига асос солиши мумкин бўлган тарихий анжуман сифатида талқин қилмоқда.
Бироқ воқеликнинг сиёсий, тарихий ва ахлоқий моҳиятини чуқурроқ таҳлил қилсак, бундай қиёс асосли эканига жиддий шубҳа туғилади.
Шэнчжэн учрашуви ҳақиқатан ҳам 1945 йилги Ялта (Қрим) конференциясининг замонавий кўринишими? Эҳтимол у 1939 йилда имзоланган, инсоният тарихидаги энг шармандали ва адолатсиз геосиёсий битимлардан бири — Молотов — Риббентроп пактига ўхшаш натижага олиб келар? Бу саволнинг жавоби учрашув иштирокчиларининг сонида эмас, балки улар қандай мақсадларни кўзлаётгани, кимнинг манфаатлари ҳимоя қилинаётгани ва кимнинг тақдири унинг иштирокисиз ҳал этилиши мумкинлигидадир.
Ялта: ғолиблар конференцияси ва унинг зиддиятли мероси
1945 йилнинг 4–11 февраль кунлари Қримда бўлиб ўтган Ялта конференциясида АҚШ президенти Франклин Делано Рузвельт, Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчилл ва СССР раҳбари Иосиф Сталин иштирок этган. Ўша пайтда нацистлар Германиясининг ҳарбий мағлубияти муқаррар бўлиб қолган эди. Иттифоқчилар урушнинг якуний босқичи, Германиянинг келажаги, оккупация ҳудудлари, репарациялар ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотини шакллантириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган.

Шэнчжэн билан Ялта ўртасидаги энг принципиал фарқ шундаки, 1945 йилги конференцияда ўша пайтда иттифоқчилар қарши курашаётган асосий агрессор — нацистлар Германиясининг раҳбари Адольф Гитлер иштирок этмаган. Шэнчжэн саммитида эса агрессор ва бузғунчининг ўзи - Путин ғўддайиб ўтирмоқчи. Бу Ялта конференциясида Адольф Гитлернинг АҚШ ва Буюк Британия етакчилари билан кеккайиб суратга тушиши билан қиёслаш мумкин.
Шунингдек, Ялтада агрессияни тўхтатиш ва агрессорнинг ҳарбий қудратини бартараф этиш масаласи муҳокама қилинган бўлса, Шэнчжэнда Украинага қарши кенг кўламли уруш бошлаган давлат раҳбарининг ўзи жаҳоннинг бошқа икки йирик давлати етакчилари билан тенг дипломатик мақомда музокара олиб бормоқчи.
Ялтада урушдан кейинги Европани тиклаш ва тинчлик масаласи кун тартибида турган бўлса, Шэнчжэнда агрессор Путиннинг адолатсиз истагини қониқтиришга уриниш бордек. Бу худди боғчада зўравон бола кучсизроқ боланинг ўйинчоғини тортиб олишга уриниб, кучи етмаганидан кейин боғча опадан мадад сўрашига ўхшайди. Афсуски, Шэнчжэнда “боғча опа” зўравонга ўйинчоқни тортиб олиб беришини кутишяпти.
Шу билан бирга, Ялта конференциясини мутлақ адолат тантанаси сифатида тасвирлаш ҳам тарихий ҳақиқатга зид бўлар эди. Сталин бошчилигидаги СССР 1939–1940 йилларда қўшни мамлакатларга нисбатан агрессив сиёсат юритганини унутмаслик керак.
Ялтада Польша чегаралари ва сиёсий келажагига оид қарорлар унинг мустақил вакиллари иштирокисиз қабул қилинди. Шарқий Европада коммунистик Совет Иттифоқи таъсирининг кучайишига замин яратилди. Конференцияда эркин сайловлар ўтказиш мажбурияти белгиланганига қарамай, кейинчалик минтақада коммунистик режимлар ўрнатилди.
Демак, Ялтанинг мероси иккиёқлама: бир томондан, у фашизм устидан ғалаба ва БМТнинг ташкил этилишига хизмат қилган бўлса, иккинчи томондан, у бир қатор халқларнинг сиёсий эркинлиги чекланишига олиб келган геосиёсий муросаларни ҳам ўзида мужассамлаштирган.
Молотов — Риббентроп пакти: яширин битимнинг фожиали оқибатлари
Шу ўринда юқорида зикр этилган Молотов — Риббентроп пактига бироз тўхталиш фойдали бўлади. 1939 йил 23 августда Москвада Германия ва Совет Иттифоқи ўртасида ҳужум қилмаслик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Тарихга Молотов — Риббентроп пакти номи билан кирган ушбу ҳужжатни СССР ташқи ишлар халқ комиссари Вячеслав Молотов ва Германия ташқи ишлар вазири Йоахим фон Риббентроп имзолаган.

Расман икки давлат ўзаро ҳужум қилмаслик мажбуриятини олган. Бироқ шартномага илова қилинган махфий баённомада Шарқий Европа ҳудудларини Германия ва СССРнинг таъсир доираларига ажратиш келишиб олинган эди.

Польша, Финляндия, Болтиқбўйи мамлакатлари ва Бессарабия тақдири уларнинг розилигисиз муҳокама қилинган.



Шартнома имзоланганидан тўққиз кун ўтиб, 1939 йил 1 сентябрда Германия Польшага бостириб кирди. 17 сентябрда эса Совет қўшинлари Польшанинг шарқий ҳудудларига кирди. 28 сентябрда Германия ва СССР ўртасидаги навбатдаги битим ҳудудий тақсимотни янада мустаҳкамлади. Кейинчалик Финляндияга қарши Совет уруши, Болтиқбўйи давлатларининг СССР томонидан босиб олиниши ва аннексия қилиниши мазкур геосиёсий келишувнинг қандай оқибатларга олиб келганини кўрсатди. Молотов — Риббентроп пакти Иккинчи жаҳон урушининг ягона сабаби эмас эди. Бироқ у Гитлернинг Польшага ҳужум қилиши учун қулай стратегик шароит яратган муҳим омиллардан бири бўлди ва бунга қонхўр ва золим Сталин сабабчи бўлган эди.

Умуман, Гитлер Сталинни лақиллатишнинг уддасидан чиққан. Советларнинг фашистлар билан алоқаси 1941 йилгача яхши бўлган. 1941 йилнинг 1 май куни — нацистлар Германиясининг Совет Иттифоқига бостириб киришидан атиги 52 кун аввал — Халқаро меҳнаткашлар бирдамлиги куни муносабати билан Москвадаги Қизил майдонда анъанавий ҳарбий парад ўтказилган эди.

Парадга таклиф этилган хорижий меҳмонлар ва дипломатлар орасида нацистлар Германиясининг вакиллари, жумладан, Германиянинг СССРдаги ҳарбий атташеси генерал Эрнст-Август Кёстринг, унинг ёрдамчиси полковник Ганс Кребс ҳамда Германия элчиси Фридрих Вернер фон дер Шуленбург ҳам бор эди. Тарихий кинохроника кадрларида герман ҳарбийлари совет ҳарбий қўмондонлари ва дипломатлари даврасида акс этган.
Ўша даврда СССР ва Германия ўртасида 1939 йил 23 августда имзоланган Молотов — Риббентроп пакти — ўзаро ҳужум қилмаслик тўғрисидаги шартнома, шунингдек, 1939 йил 28 сентябрда имзоланган «Дўстлик ва чегара тўғрисида»ги шартнома амал қилар эди. Шу боис Германиянинг дипломатик ва ҳарбий вакиллари Москвада ўтказиладиган расмий тадбирларга дипломатик корпус аъзолари сифатида таклиф этиларди. Ўша куни Ленин мавзолейи минбарида Иосиф Сталин, Михаил Калинин, Вячеслав Молотов, Климент Ворошилов ва СССРнинг бошқа олий раҳбарлари ҳозир бўлган. Ҳарбий парадни СССР мудофаа халқ комиссари, Совет Иттифоқи маршали Семён Тимошенко қабул қилган.
Тарихнинг аччиқ кинояси шундаки, Москвада совет раҳбарияти нацистлар Германиясининг вакилларини расмий меҳмон сифатида кутиб олаётган бир пайтда, Гитлер СССРга қарши «Барбаросса» ҳарбий операцияси режасини аллақачон тасдиқлаган ва Германия қўшинлари кенг кўламли босқинчилик урушига жадал тайёргарлик кўраётган эди. Орадан атиги 52 кун ўтиб, 1941 йил 22 июнда Германия Совет Иттифоқига бостириб кирди.
Агрессор билан бошқа халқлар манфаатлари ҳисобига тузилган битим барқарор хавфсизлик кафолатини бермаслиги аён бўлди. 1939 йилнинг асосий сабоғи шундан иборатки, агрессорнинг ҳудудий иштаҳасини қондириш орқали тинчликни таъминлаш сиёсати кўпинча янги агрессия учун шароит яратади.
Шэнчжэн саммити: уч раҳбар, уч хил стратегик мақсад
Яна Шэнчжэн саммитига қайтсак.
Бир қарашда, бўлажак учрашувнинг ташқи кўриниши уч буюк давлатнинг умумий манфаатлар йўлида бирлашувини эслатиши мумкин. Аммо аслида Вашингтон, Пекин ва Москванинг мақсадлари ўртасида жиддий тафовутлар мавжуд.
Масалан, Доналд Трампнинг асосий мақсадлари - сиёсий нуфуз ва дипломатик ғалаба излаш холос. Бу йўлда Украинани қурбон қилиб юбориш ҳам Трампнинг виждонини унчалик безовта қилмаса керак. Урушиб қолган икки одамни яраштириб қўйишда, саркашроғидан кўра, энг кучсизроғини унга зарарли шартлар асосида сулҳга кўндириш осонроқ бўлишини Трамп яхши билади.
Бунинг устига, жорий йил 3 ноябрдаги оралиқ сайловларда демократларнинг Конгресснинг ҳар икки палатасида кўпчилик ўринларни қўлга киритиши Трампнинг ички сиёсий мавқеини бир қадар заифлаштирди. АҚШ етакчисининг ўзи ҳам The Wall Street Journal нашрига берган интервюсида Эрон атрофидаги вазият республикачиларнинг сайловлардаги муваффақиятсизлигининг асосий омилига айланганини тан олиб, энергия нархларининг ошиши фонида сайловчилар орасида партиянинг қўллаб-қувватлашини сусайтирганини таъкидлаган. Шу боис, Эрон билан уруш, иқтисодий муаммолар, ташқи савдодаги зиддиятлар шароитида АҚШ президентига йирик дипломатик муваффақият зарур.
Табиийки, Вашингтоннинг асосий мақсадларидан бири — Россия ва Хитойни ядровий қуроллар устидан назорат бўйича янги музокараларга жалб қилишдир. 2026 йил 5 февралда АҚШ ва Россия ўртасидаги стратегик ҳужум қуролларини чеклашга қаратилган New START шартномасининг амал қилиш муддати тугади. Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти — SIPRI маълумотларига кўра, 2026 йил бошида Россия ихтиёрида тахминан 5420 та, АҚШда 5042 та, Хитойда эса 620 та ядровий каллак бўлган.
Бундай нотенглик шароитида Пекинни Москва ва Вашингтон билан бир хил чекловларга рози қилиш осон эмас. Трамп учун яна бир эҳтимолий мақсад — Украинадаги урушни тезроқ тўхтатиб, ўзини муваффақиятли тинчликпарвар раҳбар сифатида намоён этишдир.
Афсуски, урушни тез якунлаш билан адолатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш – битта нарса эмас!
Си Цзинпинь: глобал нуфуз ва стратегик эҳтиёткорлик
Шэнчжэн учрашуви Хитой учун ўзини жаҳон сиёсатининг етакчи марказларидан бири сифатида намоён этиш имконияти бўлиши мумкин. Албатта расмий Пекин АҚШ билан савдо муносабатларини барқарорлаштриш, илғор технологиялар экспортига қўйилган чекловларни юмшатиш ва Россия билан стратегик ҳамкорликни сақлаб қолишдан манфаатдор. Бироқ Хитойнинг Украина масаласидаги эҳтиёткорлиги эътиборга молик.
Reuters маълумотларига кўра, Пекин Украинадаги уруш масаласини уч томонлама учрашув кун тартибига киритишга қаршилик билдирган. Хитойнинг расмий дипломатик позицияси эса давлатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш тамойилига асосланишини таъкидлаб келади. Шунинг учун Хитойнинг бошқа мамлакат ҳудудларини унинг розилигисиз тақсимлашга қаратилган эҳтимолий битимда иштирок этиши ўзининг расмий позициясига ҳам зид бўлар эди. Зеро, Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олмаслик, Тайвань борасида ҳам айни муносабатга розилигини англатади чунки.
Путин: ҳарбий ҳаракатлар натижасини сиёсий ютуққа айлантириш истаги
Москва учун Шэнчжэн саммитининг энг муҳим жиҳати — Украина масаласида ўз шартларини илгари суриш ва Россиянинг буюк давлат сифатидаги мақомини мустаҳкамлаш имкониятидир. Путиннинг Трамп ва Си Цзинпинь билан бир стол атрофида ўтиришининг ўзиёқ Кремль учун муайян пропагандистик ютуғи ҳисобланади. Москва, эҳтимол, босиб олинган ҳудудлар устидан назоратни сақлаб қолиш, санкцияларни юмшатиш ва Украинанинг келажакдаги хавфсизлик йўналишларига таъсир кўрсатишга интилади. Агар Россия ҳарбий куч ишлатиш орқали эришган ҳудудий натижаларини дипломатик музокараларда бошқа йирик давлатларга тан олдира олса, бу нафақат Украина, балки бутун халқаро ҳуқуқ тизими учун хавфли прецедент бўлур эди.
Агрессорни музокарага жалб қилиш ва агрессияни қонунийлаштириш ўртасидаги фарқ
2022 йил 2 мартда БМТ Бош Ассамблеяси 141 давлатнинг овози билан қабул қилган ES-11/1 резолюциясида Россиянинг Украинага қарши ҳаракатлари агрессия сифатида баҳоланди. 2023 йил 17 мартда Халқаро жиноят суди украиналик болаларни ғайриқонуний депортация қилиш ва кўчириш билан боғлиқ эҳтимолий ҳарбий жиноятлар юзасидан Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер чиқарди. Бу ордер суднинг якуний айблов ҳукми эмас, аммо жиддий халқаро-ҳуқуқий аҳамиятга эга.
Табиийки, урушни тўхтатиш учун агрессор давлат раҳбарияти билан ҳам музокара олиб бориш зарур бўлиши мумкин. Бироқ музокаралар агрессияни тўхтатиш воситаси бўлиши керак, унинг натижаларини қонунийлаштириш воситаси эмас. 16 ноябрь куни Трамп Путин Украина масаласида бироз чекинаётганини, аслида у янада қаттиққўл бўлиши мумкинлигини билдирди. Бундай баёнот дипломатик муҳитни юмшатишга қаратилган бўлиши мумкин. Аммо Путин позициясининг ҳақиқатан ўзгарганини сўзлар эмас, ҳарбий ҳаракатларнинг тўхтатилиши, аниқ мажбуриятлар ва уларнинг бажарилиши исботлаши лозим.
Украинасиз Украина тақдирини ҳал этиш мумкинми?
Шэнчжэн учрашувининг энг жиддий сиёсий ва ахлоқий муаммоси — Украина ҳамда Европа вакилларининг унда иштирок этмаслигидир. Тўғри, АҚШ, Россия ва Хитой ўзларига дахлдор ядровий хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик ва бошқа масалаларни мустақил муҳокама қилиш ҳуқуқига эга. Аммо Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, давлат суверенитети ва келажакдаги хавфсизлик тизими ҳақида унинг иштирокисиз мажбурий қарорлар қабул қилиниши мутлақо бошқа масала.
БМТ Низомининг 2-моддаси давлатларнинг суверен тенглигини белгилайди ҳамда уларнинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатишни тақиқлайди. Шунингдек, 1969 йилги Халқаро шартномалар ҳуқуқи тўғрисидаги Вена конвенциясининг 34-моддасига мувофиқ, шартнома учинчи давлатнинг розилигисиз унга ҳуқуқ ёки мажбуриятлар юкламайди.
Шу маънода, Европа Иттифоқи раҳбариятининг 13 ноябрда Украинанинг ўз ҳудуди ва суверенитетига оид масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқини яна бир бор тасдиқлагани муҳим аҳамиятга эга. Ноябрь ойида Абу-Дабида Украина иштирокида ўтказилган музокаралар ва асирлар алмашинуви бўйича эришилган дастлабки келишувлар ҳам манфаатдор томонлар бевосита иштирок этадиган дипломатиянинг амалий имкониятларини кўрсатмоқда.
Янги геосиёсий пактнинг Марказий Осиё учун хавфи
Мазкур учрашувнинг эҳтимолий оқибатлари фақат Европа билан чекланмайди. Агар буюк давлатлар кичик ва ўрта давлатларнинг ташқи сиёсий йўналишини белгилаш, уларнинг ҳудудларини тақсимлаш ёки суверен қарорларига аралашиш ҳуқуқини ўзида мужассамлаштира бошласа, бундай тартибот Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳам жиддий таҳдидга айланади.
Жаҳон ОАВларининг хабар беришича, Абу-Дабида Украинадаги урушни тугатиш бўйича ўтказилган музокаралар чоғида Россия томони НАТОга нисбатан қатор талаблар баён этилган норасмий ҳужжатни тақдим этган. Мазкур ҳужжатда нафақат Украина ва Европа хавфсизлиги, балки Марказий Осиё ҳамда Жанубий Кавказ давлатларининг миллий манфаатларига бевосита дахлдор талаблар ҳам ўрин олган.
Жумладан, Москва НАТОнинг Марказий Осиё, Жанубий Кавказ, Шарқий Европа ва Украинадаги ҳарбий фаолиятини тўлиқ тўхтатишни, альянснинг ҳарбий кучлари ва инфратузилмасини 1997 йилдаги ҳолатига, яъни унинг Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари ҳисобига кенгайишидан аввалги даражага қайтаришни, НАТОнинг бундан буён кенгайишидан воз кечишни ҳамда Ғарб давлатлари томонидан Украинага қурол-яроғ етказиб берилишини тўхтатишни талаб қилмоқда.
Мазкур талаблар, моҳиятан, Россиянинг 2021 йил декабрь ойида АҚШ ва НАТОга «хавфсизлик кафолатлари» номи остида тақдим этган таклифларини такрорлайди. Хусусан, Россия Ташқи ишлар вазирлиги томонидан 2021 йил 17 декабрда эълон қилинган битим лойиҳасининг 7-моддасида НАТОга аъзо давлатларнинг Украина, Шарқий Европа, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё ҳудудларида ҳар қандай ҳарбий фаолият олиб боришини тақиқлаш назарда тутилган эди. Ўша пайтда НАТО раҳбарияти Москванинг мазкур талабларини қабул қилмаган ҳамда ҳар бир мустақил давлат ўз ташқи сиёсати, хавфсизлик йўналишлари ва халқаро ҳамкорларини эркин танлаш ҳуқуқига эга эканини таъкидлаган.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, Марказий Осиёнинг барча беш давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон НАТОнинг «Тинчлик йўлида ҳамкорлик» дастури иштирокчилари ҳисобланади. Ўзбекистон мазкур дастурга 1994 йил 13 июлда қўшилган. Ушбу ҳамкорлик НАТОга аъзо бўлиш мажбуриятини англатмайди ҳамда ҳарбий таълим, мудофаа соҳасини ислоҳ қилиш, терроризмга қарши кураш ва бошқа хавфсизлик йўналишларини қамраб олади.
Шу нуқтаи назардан, Россиянинг мазкур талаблари Москванинг стратегик мақсадлари фақат Украинадаги урушни ўз манфаатларига мос шартлар асосида якунлаш билан чекланмаслиги, балки собиқ совет маконидаги геосиёсий таъсир доираларини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Ғарб давлатларининг ушбу минтақалардаги ҳарбий-сиёсий иштирокини чеклашга ҳам қаратилган бўлиши мумкинлигидан далолат беради.
Айниқса, Украинадаги урушни тугатиш бўйича музокаралар доирасида Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлик манфаатлари уларнинг бевосита иштирокисиз муҳокама қилинаётгани жиддий хавотирга лойиқ. Москванинг бундай ёндашуви минтақадаги мустақил давлатларнинг ташқи сиёсат ва мудофаа соҳасида суверен қарорлар қабул қилиш ҳуқуқини чеклашга қаратилган геосиёсий интилиш сифатида баҳоланиши мумкин.
Агар Россиянинг мазкур талаблари эҳтимолий халқаро келишувларда ўз аксини топса, бу Марказий Осиё мамлакатларининг кўп векторли ташқи сиёсат юритиш, халқаро ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш, хавфсизлик соҳасидаги шерикларини мустақил танлаш ҳамда ташқи таҳдидларга қарши миллий мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш имкониятларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Чунки, Ўзбекистон ва минтақаннг бошқа мустақил давлатлари учун халқаро ҳуқуқ, ҳудудий яхлитлик, суверен тенглик ва кўп томонлама дипломатия тамойиллари миллий хавфсизликнинг муҳим устунлари ҳисобланади. Таъсир доираларига асосланган жаҳон тартиботи эса мустақил ташқи сиёсат юритиш имкониятларини торайтириши, иқтисодий ва ҳарбий-сиёсий босимларни кучайтириши мумкин. Шунинг учун Украина суверенитети масаласи аслида барча мустақил давлатларнинг суверенитети масаласи ҳамдир.
Шэнчжэн саммити қандай натижа бериши мумкин?
Биринчи сценарийга кўра, саммит якунида чекланган дипломатик натижага эришилади. Энг эҳтимолли сценарийда раҳбарлар стратегик барқарорлик, ядровий хавфсизлик ва кейинги музокараларни давом эттириш бўйича умумий баёнот билан чекланади.
Иккинчи сценарий амалга ошса, манфаатлар алмашинувига асосланган геосиёсий савдолашувга гувоҳ бўламиз. Тўғри, Айрим иқтисодий, ҳарбий ёки сиёсий масалалар бўйича ўзаро ён беришлар ҳам кузатилиши мумкин. Агар бундай савдолашувга Украина манфаатлари ҳам киритилса, 1939 йилдаги Молотов — Риббентроп пактига ўхшаш сиёсий мантиқ намоён бўлади.
Учинчи сценарийда эса янги глобал зиддиятлар даври бошланади. Томонлар ядровий қуроллар, Украина, технологиялар ва савдо масалаларида келиша олмаса, қуролланиш пойгаси ҳамда йирик давлатлар ўртасидаги рақобат янада кучайиб кетиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Лекин ҳозирча уч давлат ўртасида дунёни таъсир доираларига тақсимлашга қаратилган аниқ келишув мавжудлигини тасдиқловчи ишончли далиллар йўқ. Уларнинг стратегик манфаатлари ўртасидаги зиддиятлар ҳам кенг қамровли пакт тузилиши эҳтимолини пасайтиради.
Хулоса: инсониятга янги Ялта эмас, адолатли тинчлик керак
Шэнчжэн учрашувини ҳозирданоқ «Ялта–2» деб аташ шошма-шошарлик бўлур эди. Уни Молотов — Риббентроп пактига тенглаштириш ҳам ҳозирча хато бўлади. Чунки ҳали саммит бошланмади.
Шу бюоис, мазкур саммит агрессияни тўхтатиш, халқаро ҳуқуқни тиклаш ва ядровий хавфни камайтиришга хизмат қилса, у конструктив дипломатик воқеага айланиши мумкин. Лекин у агрессорни рағбатлантириш, мустақил давлатларнинг тақдирини уларсиз ҳал қилиш, ҳудудларни ҳарбий куч билан эгаллаш натижаларини тан олиш воситасига айланса, унда Шэнчжэн саммитини Ялта конференциясидан кўра, Молотов — Риббентроп пактига ўхшатиш адолатли бўлади.
Зеро, тарихдан малумки, адолатсиз муросаю-мадора урушни вақтинча тўхтатиши мумкин, аммо уни келтириб чиқарган сабабларни бартараф эта олмайди. Бугун жаҳон ҳамжамияти олдида турган асосий танлов - Вашингтон, Пекин ва Москва ўртасида эмас. Асосий танлов — халқаро ҳуқуқ устуворлиги билан куч ҳуқуқи устуворлиги ўртасидадир.
Эртага буюк давлатлар ўз қудратини бошқа халқларнинг тақдирини белгилаш ҳуқуқи деб тушунса, инсоният яна XX асрдаги энг фожиали хатоларини яна такрорлаши мумкин. Зеро, тинчлик - агрессорга бериладиган мукофот эмас, балки барча халқларнинг эркинлиги, хавфсизлиги ва суверенитетига асосланган халқаро тартибот омили бўлиши шарт!
Абулфайз Сайидасқаров





