Ўзбекистон ҳақида номақбул гапирган чет элликларга тақиқ бўйича қонун маъқулланди
Ушбу шахсларга Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш ва бошқалар ҳам тақиқланади.
Ўзбекистон ҳақида номақбул баёнот берган хорижликларга тақиқ жорий этиш бўйича қонун лойиҳаси Сенат томонидан маъқулланди.
Бугун Олий Мажлис Сенатининг эллик еттинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқилганди.
Қонунчилик палатасига кўра, бунга – Ўзбекистоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаш зарурати сабаб бўлган.
Мазкур шахслар томонидан қуйидаги мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш уларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топиш учун асос бўлади:
– Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган; давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи; Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи.
Иккинчидан, мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 йил давомида қуйидагилар тақиқланади:
– Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш.
Учинчидан, Ўзбекистонда вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқароси ёки вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахснинг мамлакатда бўлиши номақбул деб топилиши унинг Ўзбекистон ҳудудида қонуний асосларда яшаш ва бўлиш ҳуқуқини бекор қилишга ҳамда мазкур шахс депортация қилишга сабаб бўлади.
Тўртинчидан, қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби назарда тутилган.
Хусусан, шахс мамлакатда бўлиши номақбул деб топилганлиги тўғрисида Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасини олган кундан эътиборан 10 кун ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистондан чиқиб кетиши керак. Агар ушбу муддат ичида ихтиёрий равишда чиқиб кетмаса, мазкур шахс ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан депортация қилинади, яъни мажбурий тарзда чиқариб юборилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили россиялик Захар Прилепин, тарихчи Смолин кабилар Ўзбекистон ва ўзбек халқи ҳақида пропагандистик баёнотлар билан чиққанди.