Ўзбекистонни таҳқирлаган хорижликка ихтиёрий 10 кун муҳлат берилади
Агар бу муддат ичида у мамлакатни тарк этмаса, унга нисбатан мажбурий чоралар кўрилади.
Ўзбекистон давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид, шунингдек давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини. тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар ёки ҳаракатлар содир этган чет эллик фуқароларга Ўзбекистондан ихтиёрий чиқиб кетишлари учун 10 кун муҳлат берилади.
15 ноябр куни "Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида"ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун имзоланди ва кучга кирди.
Эслатиб ўтиш керак, Ўзбекистон шаънига таҳқирловчи гаплар айтган чет элликлар орасида россиялик амалдорлар улуши каттадир. Ўтган йили россиялик Захар Прилепин, тарихчи Смолин кабилар Ўзбекистон ва ўзбек халқи ҳақида пропагандистик баёнотлар билан чиққанди.
Янги қонунга кўра, Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс рўйхатга киритилгани ҳақида бевосита ёки дипломатик каналлар орқали 3 иш куни ичида хабардор қилади.
Хабарнома олган кундан эътиборан 10 кун ичида фуқаро ихтиёрий равишда Ўзбекистондан чиқиб кетиши керак. Агар кўрсатилган муддат ичида ихтиёрий равишда чиқиб кетмаса, мазкур шахс депортация қилинади.
Агар 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ота-онасидан бири ёхуд ҳомийси ёки васийси Ўзбекистон ҳудудида қонуний асосларда яшаш ҳуқуқига эга бўлса, ушбу шахс депортация қилинмайди.
Агар Ўзбекистонда вактинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқаросининг ёки фукаролиги бўлмаган шахснинг рўйхатга киритилишига асос бўлган ҳаракатларида жиноят ёхуд маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлса, у Ўзбекистон ҳудудида содир этилган жинояти ёки маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун суд томонидан тайинланган жазони ижро этиб бўлганидан ёки ўтаб бўлганидан кейин ёхуд қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда жавобгарликдан ёки жазодан озод этилганидан кейин, Ўзбекистондан ташқарига чиқариб юборилади.
Рўйхатга киритилган, Ўзбекистонда вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқаросини ёки Ўзбекистонда вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахсни депортация қилиш ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
Хизмат, шахсий, савдо ёки жамоат ишлари бўйича, ўқиш, малака ошириш, ишлаш учун ёки турист сифатида келган, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни депортация қилиш харажатлари уларни таклиф этган ҳамда қабул қилган жисмоний ва юридик шахсларнинг зиммасида бўлади. Бошқа чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни депортация қилиш харажатлари ички ишлар органларининг зиммасида бўлади.
Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаросига ва фуқаролиги бўлмаган шахсга берилган виза улар депортация қилинган тақдирда, бекор қилинади.
Чет эл фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни рўйхатга киритиш Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгаши, Сенат кенгаши, махсус ваколатли давлат органларининг такдимига асосан амалга оширилади. Рўйхат Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритилади.
Рўйхатга киритилган шахснинг Ўзбекистон ҳудудига киришига йўл қўйилмайди, шунингдек унга Ўзбекистонда банк ҳисобварақларини очиш, кўчмас мулкни сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш тақиқланади, бундан унга мулк ҳуқуқи асосида тегишли мулкни бегоналаштириш мустасно.
Шахснинг рўйхатда бўлиш муддати 5 йилни ташкил этади ва уни рўйхатга киритишнинг тегишли асосларини ушбу муддат ичида бартараф этмаган такдирда, рўйхатда бўлиш муддати 5 йилга узайтирилади. Ушбу шахсларнинг рўйхатга киритилиши учун асослар бартараф этилганидан кейин шахс рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги мурожаатига ёхуд уни рўйхатга киритиш ҳақида тақдимнома берган тегишли давлат органининг илтимосномасига асосан муддатидан илгари рўйхатдан чиқарилиши мумкин.
Ўзбекистонда вактинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фукаросининг ёки Ўзбекистонда вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахснинг рўйхатга киритилиши унинг мамлакат ҳудудида қонуний асосларда яшаш ва бўлиш ҳуқуқи бекор қилинишига сабаб бўлади.
Бундай шахсларни рўйхатга киритиш ҳамда уни юритиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.