Рус элчиси Прилепин гапларини провокацион деб атади
У бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига таклиф этилган.
Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Малгинов рус оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган баёнот атайлаб провокацион руҳдалиги, икки халқ ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирди.
У бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига таклиф этилди. Учрашувда Россия вакилига "Справедливая Россия – за правду" партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий етказилди.
"Россия Федерацияси каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди", дейилади ТИВ хабарида.
Айтилишича, Малгинов тўлиқ масъулият билан З.Прилепиннинг баёнотлари Россия раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон ҳақидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлаган.
Элчи Россия ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини билдирган.
Мавзуга доир: Итлар орасидан ўтаётган карвон