Итлар орасидан ўтаётган карвон

Путин Жириновский ўрнига яна бир“акилловчи” воизини тарбия қилмоқда. Бундан буён ўзи айтишга истиҳола қиладиган мунозарали гапларни шу “ити”га айттириб туради.

Мақола
21 декабрь 2023 йил
Итлар орасидан ўтаётган карвон

ОАВда шов-шув бўлган маълумотларга қараганда, Захар Прилепин исмли россиялик пропагандачи-амалдор Россияга келаётган “келгинди” гастарбайтерларнинг давлатини босиб олиш керак, деган фикрни айтган. Буни бошқа рус амалдорлари ҳам қарсак ва олқишлар билан қабул қилишган. У, шунингдек, Ўзбекистонни босиб олиб, ўша жойнинг ўзида уларга рус тилини ўргатиш кераклигини айтган. “Руслар Киевда ғалаба қозониб, парад ўтказганидан сўнг, Ўзбекистонни бемалол босиб олишимиз мумкин, бунга ҳеч ким қаршилик қила олмайди” дея таъкидлаган Прилепин.

“Биз совет иттифоқи давлати тарқалиб кетгандан кейинги ҳужжатларни кўтариб, 2 миллион фуқароларингиз бизнинг давлатда ишлаяпти, демак, сизларни босиб олишга ҳақлимиз, дея айта оламиз”, деган ушбу рус амалдори.

Тўғри, Прилепин, “босиб олмоқ” эмас, “қўшиб олмоқ” феълини ишлатган. Бироқ Россиянинг Ўрта Осиёни босиб олиш жараёни СССР даврида бизга “қўшиб олиш” деб ўқитилгани инобатга олинса, руслар учун “қўшиб олиш” айни “босиб олиш”га тенг мавқедаги феъл экани англашилади.

Таъкидлаш керак, Прилепин қандайдир популист блогер ёки шунчаки кўчадан кириб қолган “кунда-шунда” миллатчи эмас, у Россиядаги юқори мансабдор шахс. Прилепин Россиядаги ҳукуматга содиқ “Справедливая Россия” партиясининг ҳамраиси (Россия думасининг вице-спикери Сергей Миронов билан бирга), Россия ёзувчилар уюшмаси котиби, собиқ депутат, Росгвардия подполковниги, “Оплот” полкининг командири, Путиннинг яқин дўсти (унинг қўлидан Россиянинг “Жасорат” орденини олган), Россиянинг Украинага бостириб киришини ёқловчи Z-журналист-прорпагандист.

Нафсиламбирини айтганда, халқимизга нисбатан бундай ҳақоратомуз чиқишлар ва хатти-ҳаракатлар биринчи марта бўлаётгани йўқ. Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг Путиннинг “Буюк рус империясини” қайта тиклаш борасидаги хомхаёллари яна газак олди. Бундан руҳланган президент тарафдорлари ва шотирлари гоҳ Қозоғистоннинг шимолига даъво қилишган бўлса, гоҳ “бутун Ўрта Осиё аслида бизники, яна қайтариб олишимиз керак”, деган иддаолар билан тез-тез кўриниш бера бошлади. 

Ёки яна бир мисол, жорий йилнинг октябр ойида Ўзбекистон томони “қимтинибгина” Россия Федерацияси ҳукуматидан Россиядаги ўзбек диаспораси маблағлари ҳисобидан ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг болалари учун хусусий боғча ва мактаблар очишни сўраган эди. Бу таълим даргоҳларида ўқитиш Россия қонунчилигига кўра олиб борилиши алоҳида таъкидланган. Бу илтимос Ўзбекистондан келган ва Россияда меҳнат қилаётган ишчилар ўз фарзандларини болалар боғчаси ва мактабларга расмийлаштиришда маълум бир қийинчиликларга дучор бўлаётгани билан боғлиқлиги тушунтирилган. Шунингдек, Ўзбекистондан Россияга кириб келаётган ёш фуқаролар учун миграция жараёнларини соддалаштириш масаласини қонунчилик даражасида кўриб чиқиш ҳам сўралган.

Бироқ Россия давлат думаси депутати Михаил Делягин бу таклифга кескин жавоб берган эди. У илтимосга қарши эканини билдириб, бу талаб ноқонуний эканини билдирган.

Россиялик депутат “Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукумати аслида Россияга кириб келган мигрантларини йиғиштириб қайтариб олиб кетишлари лозимлигини” таъкидлаган.

Россиялик депутатга жавобан «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси, Олий Мажлис қуйи палатаси вице-спикери Алишер Қодиров «Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат Делягинча бўлса, Ўзбекистонда рус тилига муносабат мутаносиб бўлиши керак», деб ёзган ўз Telegram-каналида. Бўлди, шу билан “ёпиқлик қозон ёпиқлигича” қолган эди.

Бу воқеалардан кейинги жараёнлар ҳар доимгидек бўлди: Россия меҳнат мигрантларини текшириш ва депортация қилиш бўйича рейдларни кўпайтирди, Ўзбекистонда эса рус тили ва Россия мавқеси янада кўтарилди.

Ундан аввалроқ эса Путин баланд минбарда айта олмайдиган ёки айтишни ўзига муносиб кўрмайдиган гапларни баралла айтиш вазифасини бажарувчи Жириновский деган шахс ҳали тириклик пайтида Ўзбекистон “томорқа”сига бундай “тош”ларни кўп отиб турарди.

Албатта, ўзбекларда ҳам ғурур ва номус бор, бунга дарҳол ва “муносиб” жавоб беришган: Жириновский Бухорога келганида, хушомад қилиб, унинг елкасига зарбоф тўп ёпишган, оёғи тагига қўй сўйишган. Кейин эса Тошкентни босиб олишда иштирок этган, минглаб ота-боболаримизни ваҳшийларча ўлдирган рус армияси босқинчиларига атаб қурилган ёдгорликни “ялтиллатиб” таъмирлаб, тиклаб қўйишган!

Лекин миллатчи рус амалдори Захар Прилепиннинг бу ҳақорати Жириновскийдан ҳам ўтиб тушди. Ҳар ҳолда Жириновский бечора Ўзбекистонни босиб олиш керак, дея очиқ гапирмас эди.

Яна бир рус амалдори Захар Прилепиннинг навбатдаги “акиллаши” нимани анлатади? Бундан қандай хулосалар қилиш мумкин?

Бу шуни англатадики, Путин Жириновский ўрнига яна бир“акилловчи” воизини тарбия қилмоқда. Бундан буён ўзи айтишга истиҳола қиладиган мунозарали гапларни шу “ити”га айттириб туради.

Иккинчидан, бундай кескин баёнот Путиннинг Украинани батамом босиб олишга бўлган ишончи (айниқса, Исроил-Фаластин можароси яна ўт олганидан кейин) мустаҳкамланганидан дарак беради. Демак, Путин Украинани босиб олганидан кейин албатта Марказий Осиёни ҳам босиб олишга ҳаракат қилади.

Яна бир мулоҳаза. Нега Прилепин айнан шу пайтда, қиш пайтида “акиллаб” қолди? Аввало Москвада меҳнат муҳожирлари ўртасида жанжал-тўполонлар кўпайди. Иккинчидан, Россиянинг Украинага қарши босқинчилик уруши натижасида қўйилган халқаро санкцияларни айланиб ўтишга етарлича ёрдам бера олмаётган кўриняпмиз уларга. Демак, Путин биздан яна каттароқ нарса сўрамоқчи. Одатда Путин шундай катта “илтимослардан” олдин 2 та оғриқли “жароҳат”имиз – мигрантлар ва энергетик қарамлигимизни бир босиб, оғритиб олишни яхши кўради.

Қолаверса, ўтган йилги аномал совуқ можаросини эсга олайлик. Айрим тахминларга кўра, Ўзбекистон президенти ва ҳукуматига қарши баъзи “учинчи кучлар” ва уларнинг шотирлари атайлаб Ўзбекистонда энергетик инқирозни ва халқ норозилигини вужудга келтирган. Кейин эса санкцияларни айланиб ўтган ҳолда рус газини гўёки ўзбек гази деб расмийлаштирган ҳолда Хитойга, йўғ-ей, Ўзбекистонга экспорт қилишга “ёрдам беришимиз”ни сўраган. Гарчи оқил инсонлар бу махинацияга қарши чиқишган бўлса-да, энергетик инқироздан сўнг бу қаршиликларнинг овози ўчди.

Бу йил ҳам, гарчи рус газини (рус гази экани аниқми?) олишни бошлаган бўлсак-да, қиш келиши билан яна ўша эски “машмаша”лар бошланди: газ оқими паст, энергетик инқироз, метан “заправкалари” ёпилган... Демак, Путин ва унинг шотирлари яна бир балони бошламоқчи бўляпти. Демак, яна бирор каттароқ “илтимос” бор.

Албатта, босқинчи кайфиятдаги ушбу рус амалдорининг бу ҳужуми охиргиси эмас, бу ҳали бошланиши. Ҳали бундан баттар ҳақорат ва иддаоларни эшитишга тайёр туришимиз лозим. Зеро, кимдир сенга тош отса-ю, сен “испасиба, бират” деб, тиржайганча қўлингни кўксингга қўйиб турсанг, яна қандай жавоб кутишинг мумкин?

Ҳар ҳолда айрим хусусий телеканалларимиз русча клип ва қўшиқларни кўпайтиргани, кўнгилочар дастур бошловчиларининг русча қўшиқларни жўр бўлиб, меҳр билан куйлашаётгани рус амалдорларининг “акиллашларига” биринчи "жавобимиз". Қолаверса, россияпараст ва путинпарастлар зўр бериб Прилепиннинг бу даъвосини хаспўшлашга уриниши, “у қўшиб оламиз” деди, ваҳима қилманглар” деган баёнотлар билан чиқиши кутилмоқда. Лекин бу худди ахлатга атир сепиб, “жирканманг” дегандек гап аслида.

Бизнинг иккинчи жавобимиз эса, Захар Прилепинни Ўзбекистонга меҳмонга чақириб, унга ҳам зарбоф чопон ёпиш, кейин эса ўзбек халқи тўлаётган солиқлар, ерости ва ерусти миллий бойликларимиз ҳисобидан уни бўкиб қолганча еб-ичириш бўлса керак. Оёғи остига ҳам қўй эмас, буқа сўямиз. Шу тариқа “буюк империя”га ва Оқ пошшога ўз садоқатимиз ва итоатимизини изҳор қиламиз.

Марҳум шоир Абдулла Ориповнинг қуйидаги тўртлиги айни мавзуга жуда мос тушиб турибди:

Дейдилар ит ҳурур – ўтади карвон,
Ранжу балолардан ёнмасин жонинг.
Лекин алам қилар бир умр гирён,
Итлар орасидан ўтса карвонинг.

Абулфайз Сайидасқаров

telegram
telegram

Телеграмда кузатиб боринг!

Platina
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+