Рус тарихчиси ўзбек ва қозоқларга "тош отди"
Тарихчи Михаил Смолин телевидение орқали чиқишида Марказий Осиё халқлари ҳақида кескин гапирди.
Россиялик тарихчи Михаил Смолин давлат телевидениеси орқали чиқишида қозоқ ва ўзбек халқи 1917 йилгача мавжуд бўлмагани ҳақида фикр билдирди.
НТВ телеканали орқали гапирган Смолин жумладан шундай деди: "Қозоқларнинг келиб чиқишига қаранг, дастлаб ҳеч қанақа Қозоғистон бўлмаган. Улар РСФСР таркибида бўлган. Масалан, инқилобгача ўзбеклар ҳам бўлмаган. Ўрта Осиёдаги бир нечта халқларни бирлаштириб ўзбекларни ҳосил қилишган", дейди у.
Собиқ депутат Расул Кушербаевга кўра, бунга ўхшаш маълумот тарқатаётган каналларни чеклаш керак.
"Бундай ҳаракатлар фонида биз ҳеч бўлмаса биринчи галда ўз жамиятимизни ҳуружлардан сақлаш учун рус пропагандаси билан шуғулланаётган барча каналларни чеклаш ҳақида тўхтамга келишимиз керак. Буниси энди ошиб тушди" дея ёзади у.
Эслатиб ўтамиз, декабр ойида россиялик ёзувчи Захар Прилепин Россия Ўзбекистонни қўшиб олиши ҳақида гапирганди. Унинг баёнотидан сўнг Россия элчиси Олег Малгинов Ўзбекистон ТИВга чақирилган.