Мирзаобод ва Нишон туманларига ҳокимлар тайинланди
Бегмурод Акбаров Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани ҳокими лавозимини эгаллади.

Бегмурод Мирякубович Акбаров Сирдарё вилоятининг Мирзаобод тумани ҳокими этиб тайинланди.
Бегмурод Акбаров 1984 йилда туғилган, 2005 йилда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини, 2015 йилда Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-технолог, давлат ва жамият бошқаруви.
У шу кунга қадар Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлигининг Сирдарё вилояти бўйича лойиҳа офиси раҳбари лавозимида ишлаб келаётганди.
Ғайратжон Султонович Ҳамроев Қашқадарё вилоятининг Нишон тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Ғайратжон Ҳамроев 1985 йил Касби туманида туғилган, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти ва Президент ҳузуридаги давлат бошқаруви академиясини тамомлаган.
Фаолияти давомида у Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи ҳамда Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи вазифаларида ҳам ишлаган.





