Тошкентда интеллектуал ўйинлар биноси учун 36 миллиард сўмдан ошиқ пул ажратилмоқда
ОИТСга қарши курашиш маркази лабораториясини жиҳозлашга эса бир миллиард сўмдан ошиқ берилади.
Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида "Янги Ўзбекистон" боғига туташ ҳудудда интеллектуал ўйинлар биносини қуриш ишлари учун 36 млрд. 264 млн. сўм маблағ ажратилади. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарорида маълум қилинган.
Бундан ташқари маҳаллий бюджетнинг 2024 йил давомида шаклланган маблағлари ҳисобидан Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Алишеробод, Чингелди ва Баркамол насос станцияларига 4 дона замонавий энергия тежамкор насос агрегатларини ўрнатиш ҳаражатлари учун 400 млн. сўм, Мирзо Улуғбек ворислари танлови ғолибларини тақдирлаш учун 68 млн. сўм берилиши кўзда тутилган.
ОИТС касаллигига қарши курашиш учун профилактика тадбирларига 155 миллион сўм, Тошкент шаҳар ОИТСга қарши курашиш лабораториясини жиҳозлаш харажатлари учун 1 млрд. 83 млн. сўм маблағ ажратилади. Тошкент шаҳар руҳий касалликлар шифохонасини реконструкция қилиш учун 2,9 млрд. сўм берилиши кўзда тутилган.
"Ягона буюртмачи хизмати" компанияси буюртмачилигида Тошкент шаҳрида амалга оширилган ишлар қарздорлигини ёпиш учун 17 млрд. 833 млн. сўм маблағ сарфланади. Иқтисодиёт ва молия бошқармаси, Пенсия жамғармаси ва Ғазначилик хизмати бошқармасига сервер сотиб олиш харажатлари учун 701 млн. сўм берилади.
Тошкент шаҳар ҳокими кўрсатиб ўтилган харажатлар учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан пул ажратиш бўйича қарорлар қабул қилади.