Мубашшир Аҳмад иши кассация тартибида кўриб чиқилади
Иш Тошкент шаҳар судида кўрилади. Бу ҳақда суд мажлислари жадвалида келтирилган.

Жорий йилнинг 3 декабрь куни диний уламо Мубашшир Аҳмад (Алишер Турсунов) иши Тошкент шаҳар судида кассация инстанция тартибида кўриб чиқилади. Бу ҳақда суд мажлислари жадвалида келтирилган.
Мубашшир Аҳмаднинг адвокати Абдуллоҳ Содиқ ижтимоий тармоқдаги саҳифасида суд иши ҳақида маълумот берди.

Унинг билдиришича, 3 декабрь куни соат 15:30 да Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг кассация инстанциясида Мубашшир Аҳмад иши бўйича кассация шикояти кўриб чиқилади.
“Кассация инстанциясида ҳимоя томони суд қарорини қайта кўриб чиқиш, Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди ва 156-моддаси 2-қисми билан эълон қилинган айблов бўйича оқлов ҳукми чиқариш орқали адолатни тиклашни сўрамоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, 2025 йилнинг 8 октябр куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди ҳукми билан Мубашшир Аҳмад Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.





