platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жаҳон

Германия тергов органлари Алишер Усмонов ишида жиддий қонунбузарликларга йўл қўйган бўлиши мумкин

​Маълумот учун, 73 ёшли тадбиркор Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилган, шунингдек, Германия Федерал олий суди ҳам унинг фойдасига қарор чиқарганди. 

Германия тергов органлари Алишер Усмонов ишида жиддий қонунбузарликларга йўл қўйган бўлиши мумкин

​Европа Иттифоқи россиялик тадбиркор Алишер Усмоновни санкциялар рўйхатидан чиқарганига қарамай, Германияда унга нисбатан солиқ тўлашдан бўйин товлаш юзасидан тергов давом этмоқда.

Welt нашри маълумот берган янги эксперт хулосасида немис тергов органларининг ушбу ишдаги ҳаракатлари жиддий шубҳа ва эътирозларга сабаб бўлган.

​Тергов қандай бошланган ва асосий камчиликлар нимада?

​Солиқ жиноят ҳуқуқи соҳасидаги таниқли мутахассислар — Карстен Фен, Бернд Йозеф Фен ва Ян Оле Шмидинг томонидан тайёрланган хулосада тергов жараёнидаги бир қатор муаммолар санаб ўтилган:

​Асоссиз шубҳалар:

Экспертларнинг қайд этишича, иш Федерал жиноий полиция идорасига келиб тушган аноним хабар асосида бошланган. Унда бирор-бир исм келтирилмаган ҳолда Германиядаги кўчмас мулк объектларидан бири Усмоновга тегишли бўлиши мумкинлиги айтилган, солиқ жинояти ҳақида эса сўз бормаган. Дастлаб судья етарли асос йўқлиги сабабли тинтувга рухсат бермаган, шундан сўнг терговчилар бошқа участка судига мурожаат қилган.

​Солиқ миқдоридаги ноаниқлик:

Усмонов ўн йилдан ортиқ вақт давомида Германияда яшаш жойига эга бўла туриб, солиқ декларацияларини топширмаганликда айбланмоқда. Бироқ экспертлар таъкидлашича, тергов давомида яширилган деб тахмин қилинган солиқ суммаси бир неча бор ўзгарган — гоҳ миллионлаб, гоҳ миллиардлаб евро айтилган, аммо бу фарқнинг сабаби ёки аниқ далиллари иш материалларида келтирилмаган.

​Хулосада айбловлар ишончсиз билвосита маълумотларга (меҳмонхонадаги тахминий яшаш жойи, у ердаги автомобиллар ва ходимлар, муддатли ижара шартномалари) таянгани айтилади.

Жумладан, Усмоновнинг Москвадаги яшаш манзили Google Street View орқали юзаки текширилгандан сўнг айбланувчининг «ҳаётий муҳити» ва турмуш даражасига мос келмайди деб топилган.

​Экспертлар фикрича, тергов гумонланувчи фойдасига хизмат қилиши мумкин бўлган далилларни — визалар, гувоҳлар кўрсатмалари, Россия солиқ ҳужжатлари ва Германия Федерал марказий солиқ идорасининг солиқ резидентлигига оид маълумотларини инобатга олмаган.

​Асоссиз далил қидириш («fishing expedition»):

Мутахассислар тергов мавжуд аниқ шубҳани текшириш ўрнига айблов учун сабаб излаганини билдирган. Хорижий юстиция органларидан бири сўровни асоссиз далил йиғиш («fishing expedition») деб баҳолаб рад этган, бошқа бир ҳолатда эса ҳали тасдиқланмаган тахминлар Европа давлати идорасига факт сифатида тақдим этилган.

​Чўзилган муддатлар ва ҳимоя ҳуқуқи

​Тинтувлар чоғида мингга яқин ҳужжат папкаси ва бир неча терабайт маълумот олиб қўйилган. Экспертларнинг маълум қилишича, материалларни «дастлабки» ўрганиш тўрт йилга чўзилган, бу эса мутаносиблик тамойилига зиддир.

​Бундан ташқари, ҳимоя томонига иш материаллари билан танишиш имкони дастлаб умуман берилмаган, кейин эса қисман очилган ва тўлиқроқ танишишга фақат икки йил ўтиб рухсат берилган. Олиб қўйилган маълумотларнинг бир қисми эса тинтувдан уч йилдан ортиқ вақт ўтгачгина ҳимояга тақдим этилган.

​Экспертларнинг хулосаси ва тавсиялари

​Мутахассисларнинг фикрича, тергов бир неча йил давомида етарли ва ишончли далилларсиз турли тахминларни кенгайтириб келган ҳамда солиқ ҳуқуқи масалаларида ҳам аниқ хулосага келинмаган. Шу боис экспертлар ушбу ишни тўхтатиш лозимлигини таъкидламоқда.

​Шунингдек, муаллифлар қонунчиликка жиноят-ҳуқуқий нормаларни такомиллаштириш, хусусан, тергов жараёнларига сиёсий таъсир эҳтимолини бартараф этиш юзасидан тавсиялар берган. Мазкур иш доирасида сиёсий таъсир аломатлари аниқланмаган бўлса-да, экспертлар ҳуқуқий давлат сифати барча учун процессуал кафолатларга бир хил қатъий амал қилиниши билан ўлчанишини эслатиб ўтган.

​Маълумот учун, Европа Иттифоқи Ўзбекистонда туғилган 73 ёшли тадбиркор Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилган, шунингдек, Германия Федерал олий суди ҳам унинг фойдасига қарор чиқарган. Аввалроқ унга нисбатан бошқа бир қатор тергов ишлари ҳам, жумладан 10 миллион евро тўлаш шарти билан тугатилган эди.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid