АҚШ федерал суди Трампнинг талабалар бўйича қарорини ноқонуний деб топди
2026 йил июл ойида жорий этилган янги қоидаларга кўра, хорижий талабаларнинг Қўшма Штатларда қолиш муддати тўрт йил билан чекланганди. Бунгача улар ўқишини тугатгунига қадар мамлакатда қолиши мумкин эди.

АҚШ федерал судяси Деннис Сейлор президент Доналд Трамп маъмуриятининг хорижий талабалар мамлакатда кўпи билан тўрт йил қолиши мумкинлиги ҳақидаги қарорини ноқонуний деб топди.
Судянинг таъкидлашича, АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги бундай чекловларни жорий этиш ваколатига эга бўлмаган. У вазирликнинг ҳаракатларини ўз ваколатини суиистеъмол қилиш деб баҳолади.
Судя янги қоидаларни асоссиз ва қонунга зид деб топди. Унинг фикрича, вазирлик ўзига берилган ваколатлар доирасидан четга чиққан.
2026 йил июл ойида жорий этилган янги қоидаларга кўра, хорижий талабаларнинг Қўшма Штатларда қолиш муддати тўрт йил билан чекланганди. Бунгача улар ўқишини тугатгунига қадар мамлакатда қолиши мумкин эди.
Трамп маъмурияти жорий этган янги қоидаларга кўра, ўқишини тўрт йил ичида тугата олмаган хорижий талабалар АҚШда қолиш муддатини узайтириш учун қайта ариза топшириши керак эди. Ички хавфсизлик вазирлиги буни талаба визаларидан нотўғри фойдаланиш ҳолатларига қарши курашиш билан изоҳлаган.
Таълим соҳаси манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар эса Трамп маъмуриятининг қарори устидан судга шикоят қилган. Уларнинг фикрича, янги чекловлар хорижий талабаларни АҚШда ўқишдан қайтариши мумкин. Қайд этилишича, суд қарори АҚШ университетларига жорий семестрда ўқишга кирган хорижий талабалар сони 15 фоизга камайганини кўрсатувчи тадқиқот эълон қилинганидан сўнг чиқарилган.





