Жарима баллари 12 дан ошган ҳайдовчилар сони 4 минг нафардан ўтди
Бир йил ичида жарима баллари 12 баллга етган ҳайдовчилар камида 6 ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилиши белгиланган.

Ўзбекистонда жарима баллари 12 дан ошган ҳайдовчилар сони 4 минг нафардан ошди. Бу ҳақда 28 ноябрь куни ЙҲХХ ахборот хизмати хабар берди.
“Жарима баллини ҳисоблаш тартиби жорий этилгандан кейин, юртимизда ўтган даврда биринчи ўринда автоҳалокатларнинг сони кескин камайишига эришилди. Умуман олганда, инсон ўлими камайишига эришилди. Қолаверса, ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатлари бир мунча камайди”, деди ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошев.
Маълум қилинишича, жарима баллари ҳисоблаш тартиби жорий этилгандан ҳозиргача тўрт мингдан зиёд ҳайдовчилар 12 баллдан юқори жарима баллари олди.
Улар ҳайдовчилик ҳуқуқидан суд тартибида маҳрум этилиши белгиланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-1-моддасига кўра, бир йил ичида жарима баллари 12 баллга етган ҳайдовчилар камида 6 ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.





