Иш жойида вафот этган 205 нафар одам учун 16 млрд сўмдан ортиқ товон пули ундирилди
Ўтган 9 ой давомида мансабдор шахсларга нисбатан 22,3 миллиард сўм маъмурий жарималар қўлланилган.

Ўтган 9 ой давомида иш вақтидан ташқарида меҳнатга жалб қилиш ҳолати 15 та аниқланган бўлиб, улар тегишли равишда маъмурий жавобгарлик аниқланган. Бундан ташқари яна 45 та иш берувчига ёки уларнинг масъулларига нисбатан маъмурий жавобгарлик баённомалари расмийлаштирилган. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари Марат Жўраев 28 октябрь куни Контент марказда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Вазир ўринбосарига кўра, ижтимоий тармоқларда мажбурий меҳнатга жалб қилинган ёки иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш ҳолатлари ҳақида тарқалган ҳолатлар ўрганилиб, агар ҳолат тасдиғини топса Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўша вилоят раҳбарига огоҳлантириш хати юборилади. Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида иш вақтида ишга жалб қилиш ҳолатлари 15 таси аниқланиб, тегишли шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик кўрилган.
“Бу педагоглар бўладими ёки бошқа касб эгалари тозалаш ёки бошқа ишларга жалб қилиш бўйича ижтимоий тармоқларда кузатишлари мумкин. Бу бўйича алоҳида, бояги ўн бештадан ташқари, яна қирқ еттита, иш берувчилар ва иш берувчиларининг тегишли масъулларига чора кўрилиб, шу маъмурий жавобгарлик баённомалари расмийлаштирилган”, — деди вазир ўринбосари Марат Жўраев.
Ўтган давр мобайнида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 15,1 мингта назорат тадбири ўтказилиб, 36,1 мингта қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 5 666 та ёзма кўрсатма ва 247 та тақдимнома киритилиб, мансабдор шахсларга 22,3 миллиард сўм маъмурий жарима қўлланилди.
Инспекция аралашуви билан қарийб 35 минг нафар ходимга 832,1 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳақи ундириб берилди, 4 467 фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди. Иш ҳақи бўйича судларга киритилган даъволар асосида қарийб 29,5 миллиард сўм ундирилди. Ишга тиклаш бўйича суд қарорлари асосида 158 нафар фуқаро ишга тикланди.
Меҳнат фаолияти билан боғлиқ 692 та бахтсиз ҳодиса махсус текширилди. Оқибатда 758 нафар фуқаро жабрланган, жумладан, 205 нафари вафот этган. Суд қарорлари асосида 16 миллиард сўмдан ортиқ товон пули ундирилди.
Мажбурий меҳнатга оид 47 та ҳолат аниқланиб, айбдор мансабдор шахсларга 1,5 миллиард сўм жарима қўлланилди.





