platina.uz
Жамият

Жарима QR-кодидан сув ҳисоблагич гувоҳномаси чиқди: расмий изоҳ

Фуқаро юқори тезликда ҳаракатлангани учун қайд этилган маъмурий жариманинг QR-коди сканер қилинганда сув ҳисоблагичига тегишли қиёслаш гувоҳномаси очилган.

Жарима QR-кодидан сув ҳисоблагич гувоҳномаси чиқди: расмий изоҳ

Ижтимоий тармоқларда тезликни ўлчаш воситасининг қиёслаш гувоҳномасини текшириш учун берилган QR-код орқали сув ҳисоблагичига тегишли гувоҳнома очилгани акс этган видео тарқалди. Ўзбекистон миллий метрология институти вазиятга изоҳ берди.

Видеода фуқаро соатига 70 километр тезлик белгиланган ҳудудда 83 километр тезликда ҳаракатлангани қайд этилган маъмурий жарима тўғрисидаги қарор кўрсатилади. Қарорга илова қилинган тезликни ўлчаш воситасининг қиёслаш гувоҳномасини кўриш учун QR-код жойлаштирилган.

Видео муаллифи ушбу QR-кодни сканер қилганда Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан берилган, сув ҳисоблагичига тегишли қиёслаш гувоҳномаси очилганини кўрсатган.

Метрология институти ҳолатни ўрганиб, бунга ахборот тизимидаги техник номувофиқлик сабаб бўлганини маълум қилди. Қайд этилишича, 2024 йил 5 июндаги 1076587-2024-сонли қиёслаш гувоҳномаси завод рақами 221110881 бўлган СПW-4 Б 15-50 турдаги сув ҳисоблагичига расмийлаштирилган.

2025 йил 16 ноябрдаги 1471711-2025-сонли қиёслаш гувоҳномаси эса завод рақами 2211108 бўлган СКАТ-ПП турдаги ҳаракат тезлигини ўлчаш воситасига расмийлаштирилган.

Институтга кўра, икки қурилманинг завод рақамлари ўхшаш бўлгани сабаб масъул идора билан интеграция қилинган ахборот тизимида завод рақами бўйича қидирув амалга оширилганда маълумотларни акс эттиришда техник номувофиқлик юзага келган.

Яъни қидирув фақат завод рақами асосида амалга оширилганда, рақамлардаги ўхшашлик туфайли бошқа турдаги ўлчаш воситасига тегишли қиёслаш гувоҳномаси маълумотлари ҳам акс этиши мумкин.

Институт Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 сентябрдаги 516-сон қарорига мувофиқ, тегишли маълумотлар “Рақамли ҳукумат” тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформасига жойлаштирилганини маълум қилди. Тегишли ташкилотларга ушбу маълумотлардан электрон шаклда фойдаланиш имконияти яратилган.

Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун қиёслаш гувоҳномасини аниқ идентификация қилишда завод рақами билан бирга ўлчаш воситасининг модели, тури, ишлаб чиқарувчиси, қиёслаш гувоҳномаси рақами ва қўлланиш соҳаси каби маълумотларни ҳам ҳисобга олиш механизмини жорий этиш режалаштирилган.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid