Тошкентда автобусларда йўл ҳақи тўламаганлар жами 3,6 млрд сўм жаримага тортилди
Ноябрь ойининг дастлабки 22 куни ичида жами 449,9 млн сўм жарима ундирилган ва 19 457 та баённома расмийлаштирилган.

Тошкент автобусларида 1−22 ноябрь кунлари йўл ҳақини тўлаш қоидаларини бузган йўловчиларга 19 457 та маъмурий баённома расмийлаштирилди. Бунда кунига ўртача 884 та қоидабузарлик тўғри келади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги маълум қилди.
Вазирликка кўра, йил бошидан буён эса расмийлаштирилган баённомалар сони 158 237 тага етди.
Назорат ўтказиш оқими ҳам таҳлил қилинмоқда. Жумладан, 18–21 ноябрь кунлари 8, 11, 14, 28, 93, 116 ва 131-сонли автобус йўналишларида жами 449 802 нафар йўловчи ташилган. Бу ўтган ҳафтанинг мос даврига нисбатан 5 792 нафарга ёки 1,3 фоизга кўп. Шу билан бирга, мазкур йўналишларда тўрт кун давомида 1 228 та маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Айрим йўналишларда йўловчилар сонининг сезиларли ўсиши кузатилди. Хусусан, 11-йўналишда ўсиш 11,2 фоизни, 28-йўналишда 5,4 фоизни, 8-йўналишда 3,5 фоизни ҳамда 14-йўналишда 1,7 фоизни ташкил этди.
Йўл ҳақини ўз вақтида ва тўлиқ тўлаш — оддий тўлов амалиёти эмас, балки жамоат транспорти ривожига қўшилган ҳисса, умумий қоидаларга ҳурмат ва фуқаролик масъулияти ифодасидир.





