Южи Белеза: "Дунёга Ўзбекистон бошқача бир олам эканини кўрсатмоқчиман"
Дунёнинг машҳур полиглот блогерларидан бири Южи Белеза мамлакатимизга келди. Южи Ўзбекистонга биринчи марта келаётгани йўқ: у бу ерда саккиз йил аввал ҳам бўлган. У ўтган вақт ичида мамлакат анча ижобий йўналишда ўзгарганини қайд этди.

Дунёнинг машҳур полиглот блогерларидан бири Южи Белеза мамлакатнинг тарихи, гўзаллиги ва одамларининг самимийлигини миллионлаб мухлисларига кўрсатиш мақсадида Ўзбекистонга келди.
Южи Ўзбекистонга биринчи марта келаётгани йўқ: у бу ерда саккиз йил аввал ҳам бўлган. У ўтган вақт ичида мамлакат анча ижобий йўналишда ўзгарганини қайд этди. Энг кўзга ташланган фарқ сифатида у сайёҳлар сонининг сезиларли ошганини таъкидлади.
"Мен Ўзбекистонга дунёга бу қанчалик гўзал ва тарихий юрт эканини кўрсатиш учун келдим. Ўзбекистон — бошқача бир олам, бўлакча мамлакат, бу ерда жуда яхши одамлар яшайди", — дейди у журналистларга берган интервьюсида.
Южи контентини ўзбекзабон аудиторияга ҳам етказишни мақсад қилган: унинг фикрича, ўзбек тили бой тарихга ва маданиятга эга тил.
Меҳмонни энг кўп ҳайратга солган жиҳат — ўзбек халқининг самимияти.
"Ўзбеклар жуда меҳмондўст. Улар мени доим уйларига таклиф қилишга интилишади. Бу жуда ёқимли", — дейди у.
Platina.uz мухбири ундан қайси ўзбек мақолини билишини сўраганида, Южи "Меҳмон отангдан улуғ"," Сувдай сероб бўл" деб жавоб берди.
Унинг қизиқиши адабий тил билан чекланмайди. Южи Ўзбекистонда турли шеваларни яқиндан ўрганиш ниятида эканини айтди.
Тиллар Южи Белеза фаолиятининг асосини ташкил этади. У беш тилни мукаммал билишини айтган. Маълумотларга кўра, у япон, инглиз, рус, немис ва турк тилларини яхши билади, яна 20 га яқин тилда қисман гаплаша олади.
"Мен дунёга турли тилларнинг гўзаллигини кўрсатмоқчиман. Бу менинг мақсадим", — дейди Южи.
Унинг айтишича, Ўзбекистон ҳақида аллақачон кўп материал тасвирга олинган ва бу иш давом этади. Блогер ўз контенти мамлакатга кўпроқ сайёҳ жалб этишга хизмат қилишини истайди. Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ҳақидаги саволга у мамлакатни гўзал деб таърифлаб, дунё ҳали у ҳақида кўп нарсани билиб олиши кераклигини айтди.
Маълумот учун, Южи Белеза япон ва ирланд илдизларига эга, Японияда туғилиб ўсган, ҳозир эса асосан Венада яшаб ижод қилади. У блогини 2023 йил сентябрида турк тилидаги видеолар билан бошлаган ва қисқа вақтда халқаро миқёсда танилди. Унинг видеолари оддий форматга қурилган: кўчада нотаниш одамга яқинлашиб, қаердан эканини сўрайди ва шу заҳоти унинг она тилида гапира бошлайди. Бу услуб унга миллионлаб обуначи ва CNN каби халқаро нашрлар эътиборини олиб келди.
Ҳозирги кунда унинг Instagram'даги обуначилари сони бир миллиондан ошади, барча платформаларда эса уни қарийб 20 миллион киши кузатади. Қозоғистонда уни тил ва маданиятга бўлган қизиқиши учун мамлакатнинг норасмий элчиси деб аташади, 2026 йил сентябрида эса у Қирғизистонда бўлиб ўтган Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларини кузатиш учун қўшни давлатга келган эди.





