“Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Евроосиё тараққиёт банки ўртасида стратегик ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди
Томонлар гидроэнергетика соҳасида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш ва замонавий молиявий инструментларни жорий этиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар. Мулоқот давомида Пскем ГЭС лойиҳаси, Чорбоғ ГЭСни модернизация қилиш, Юқори Тўпаланг гидроэнергетика зонасининг салоҳиятини ўзлаштириш, ГТЭСларни қуриш ва ЖФК-5 ГЭС лойиҳаларини молиялаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.

25 ноябрь куни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқарув раиси Ислом Абдурахмонов Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) Бошқаруви раиси Николай Подгузов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Бошқарув раиси нуфузли меҳмонларни самимий қутлаб, Жамиятнинг бугунги фаолияти, стратегик ривожланиш устуворликлари, амалга оширилаётган инвестиция дастурлари ҳамда истиқболли режалари ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, 2025 йил якунларига кўра, Жамият таркибидаги ГЭСларнинг ўрнатилган қуввати 2 400 МВтни ташкил этган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 1 майдаги ПҚ-163-сон қарорига мувофиқ, 2032 йилга қадар мазкур кўрсаткични 5 538 МВтга етказиш ва умумий қиймати қарийб 3,7 миллиард АҚШ долларига тенг инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш белгиланган. Ушбу дастур янги ГЭСлар қуриш, мавжуд станцияларни модернизация қилиш ҳамда Марказий Осиёда илк йирик ГТЭСларни барпо этишни қамраб олади.

Шундан сўнг томонлар гидроэнергетика соҳасида инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш ва замонавий молиявий инструментларни жорий этиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Хусусан, давлат кафолатларисиз узоқ муддатли корпоратив молиялаштириш, ўзаро боғлиқ лойиҳаларни ягона дастур асосида молиялаштириш, гидроэнергетика ускуналарини харид қилиш учун савдо молиялаштириш механизмларидан фойдаланиш ҳамда техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш учун грант маблағларини жалб этиш масалалари ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Мулоқот давомида Пскем ГЭС лойиҳаси, Чорбоғ ГЭСни модернизация қилиш, Юқори Тўпаланг гидроэнергетика зонасининг салоҳиятини ўзлаштириш, ГТЭСларни қуриш ва ЖФК-5 ГЭС лойиҳаларини молиялаштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳалар доирасида хорижий давлатларнинг илғор соҳавий компаниялари билан консорциум шаклида тажриба алмашиш ва энг оптимал йўналишларда ҳамкорлик қилиш борасидаги масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

ЕОТБ вакиллари ўз навбатида, 2031 йилга қадар Ўзбекистон иқтисодиётига 3 миллиард АҚШ долларигача инвестиция йўналтириш режалаштирилганини таъкидлаб, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ билан истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қизиқиш билдирдилар. Шунингдек, Банкнинг молиявий маслаҳатчи, андеррайтер ва инвестор сифатида иштирок этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва Евроосиё тараққиёт банки ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат гидроэнергетика соҳасида узоқ муддатли инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, устувор лойиҳалар портфелини шакллантириш, давлат кафолатларисиз корпоратив молиялаштириш имкониятларини ишлаб чиқиш ҳамда техник кўмак маблағларини жалб этишда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Томонлар меморандум доирасида амалий ҳамкорликни жадаллаштириш, устувор лойиҳаларнинг молиявий шартларини ишлаб чиқиш ва аниқ вазифалар ҳамда муддатларни қамраб олган қўшма “Йўл харитаси”ни тайёрлаш бўйича келишиб олдилар.





