Биофармацевтика институти ва "Generium" ўртасида меморандум имзоланди
Ушбу учрашув ва имзоланган меморандум институт учун тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш ҳамда илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш имкониятларини кенгайтиради.

Илмий изланишларни клиник тадқиқотлар билан боғлаш, бунинг учун зарур лаборатория ва технологик имкониятларни ривожлантириш — Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти ҳамда "Генериум" компанияси вакиллари ўртасидаги музокараларнинг асосий мавзуларидан бўлди.
Мулоқотда тадқиқот жараёнларини изчил ташкил этиш, клиникагача бўлган босқичдан клиник тадқиқотларга ўтиш учун зарур шароитлар муҳокама қилинди. Лабораторияларни жиҳозлаш, секвенаторларга бўлган эҳтиёж ҳамда GLP ва GMP талаблари билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, диагностика йўналишидаги имкониятлар кўриб чиқилди. Хусусан, Диаскинтест ва Манту синамасининг нархи ҳамда институтнинг тегишли бўлинмаси учун ушбу йўналишда ишлаш истиқболлари ҳақида илмий маслаҳатлар берилди.
Учрашув якунида Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти ва "Generium" компанияси ўртасида клиник тадқиқотлар, биотехнологиялар ва фармацевтика соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган меморандум имзоланди.
Ушбу учрашув ва имзоланган меморандум институт учун тажриба алмашиш, қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш ҳамда илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш имкониятларини кенгайтиради.


