Душанбе таксичилари учун ҳар кунлик 100 сомонилик тўлов бекор қилинади
Душанбеда такси ҳайдовчилари ишга чиқмаган кунлари ҳам компанияларига тўлаб келган 100 (тахминан 130 325 сўмга тенг) сомонилик кунлик тўлов бекор қилинади. Бу қарор 23 ноябрь куни Тожикистон президенти ҳузуридаги рақамли ислоҳотларни амалга ошириш бўйича Давлат комиссияси йиғилишида қабул қилинди. Йиғилишга пойтахт мэри Рустами Эмомали раислик қилди.

Комиссия йўловчи ташишда такси квоталари тизимини ҳам бекор қилишга қарор қилди. 2027 йил 1 январдан ташиш учун рухсатнома олишнинг янги тартиби жорий этилади.
Пойтахт ҳокимлигига кўра, ўзгаришлар йўловчи ташишни тартибга солиш тизимини шаффоф ва қулай қилиш, ортиқча жараёнларни қисқартириш, ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар фаолиятини қонунийлаштириш ҳамда хизмат сифатини оширишга қаратилган.
Тўловни қачондан бекор қилишлари ва янги шартларда ҳайдовчилар такси компанияларига қанча тўлаши ҳозирча маълум қилинмаган. 2027 йил 1 январь санаси янги рухсатнома бериш тартиби ишга тушишига тааллуқли.
Ҳайдовчилар рухсатномани қандай олади?
1 январдан рухсатнома олиш учун аризалар Ягона давлат давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади. Унгача тегишли идоралар янги тартибнинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини тайёрлаши, ҳайдовчиларга ариза бериш ва рухсатнома олиш тартибини тушунтириши керак. Рухсатнома бериш шартлари ҳозирча эълон қилинмаган.
Янги соддалаштирилган тартибдан йўловчиларни мустақил ташийдиган ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчилар ҳам фойдаланиши мумкин. Улар электрон шаклда ариза бериб, рухсатнома олганидан сўнг қонуний ишлай олади, дейилади ҳокимлик хабарида.
Ўзгаришлар пойтахтдаги «10 сомонилик такси» ҳайдовчиларига ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Аввалроқ ҳукумат уларнинг фаолиятини ноқонуний деб атаганди. Ноябрь ойи бошида шаҳар милицияси уч кун ичида зарур ҳужжатларсиз йўловчи ташишга оид 128 та ҳолатни аниқлаганини маълум қилган.
100 сомонилик тўлов қандай жорий этилган?
Аввал Душанбе шаҳрида жами 4,3 мингга яқин автомобили бўлган 12 та такси компанияси фаолият юритган. Ҳайдовчиларнинг айтишича, илгари улар компанияларга даромадининг тахминан 10 фоизини берган.
2025 йилда «Ҷӯра» (Jura) иловасига ўтилганидан кейин ҳайдовчилардан ҳар куни қатъий 100 сомони тўлов талаб қилина бошланган. Тўлов тушумга боғлиқ бўлмаган ва ҳайдовчилар касал бўлган ёки ишга чиқмаган кунлари ҳам ундирилган.
Кўплаб ҳайдовчилар автомобиль кредитларини ҳам тўлашда давом этган. Улар бундай тизимни адолатсиз деб ҳисоблаб, айримлари бу шартлар давом этса, такси бозорини тарк этиши мумкинлигини билдирган.
2026 йил июль ойида Рустами Эмомали ўринбосари, Транспорт вазирлиги ва бошқа тегишли идораларга кунлик тўловни бекор қилиш масаласини ишлаб чиқишни топширганди.
Ўша пайтда транспорт вазири Азим Иброҳим тўлов ҳайдовчи ва такси компанияси ўртасидаги шартнома билан белгиланишини айтган. Унинг сўзларига кўра, амалдаги қоидалар бўйича иловадаги буюртмаларни тўрт марта рад этган ҳайдовчи вақтинча тизимдан узилган ва унга янги буюртмалар кўрсатилмаган.
Вазирлик «Ҷӯра» иловасининг тўлиқ ишга тушиши хизмат кўрсатишдаги айрим муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради, деб умид қилган.
Шу билан бирга, йўловчилар ижтимоий тармоқларда, айниқса эрталаб ва кечқурун такси буюртма қилиш қийинлигидан шикоят қилган. Уларнинг айтишича, бу вақтларда операторлар бўш машина йўқлигини билдирган, ҳайдовчилар эса буюртмаларни бекор қилган.





