Чет эл автомобилларининг Ўзбекистонда бўлиш муддати 90 кундан 180 кунга узайтирилади
Шунингдек, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш муддати ҳам 60 кундан 120 кунга оширилади

Чет эл автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон ҳудудида бўлиш муддати 90 кундан 180 кунга узайтирилади. Бу Қонунчилик палатаси биринчи ўқишда қабул қилган божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартибларини соддалаштириш ҳақидаги қонун лойиҳасида назарда тутилган. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.
Қонун билан Божхона кодексида чет эл автомобилларини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби ўзгартирилади. Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш муддати ҳам 60 кундан 120 кунга оширилади.
Шунингдек, божхона тўловларини кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашда ҳисобланадиган фоизлар Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасига тенглаштирилади. Тадбиркорлар учун бош таъминот суммаларини камайтириш механизми ҳам жорий этилади.
Лицензия, рухсатнома ва хабардор қилиш бўйича аризалар ва уларга илова қилинадиган ҳужжатларни “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали қабул қилиш имкониятлари кенгайтирилади.
Қонун лойиҳаси энди иккинчи ўқишда кўриб чиқилади.





