Тошкентдан Ашхободга мунтазам авиақатновлар йўлга қўйилиши мумкин
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Туркманистон элчиси билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон ва Туркманистон пойтахтлари ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилиши мумкин.
2026 йил 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Туркманистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Шодурди Мередов билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари, жумладан, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, халқаро юк ташувларини енгиллаштириш ва чегара ўтказиш пунктлари фаолиятини такомиллаштириш масалалари қайд этилди.
Хусусан, Тошкент–Ашхобод–Тошкент йўналишида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш ҳамда чегарадош ҳудудлар аҳолисининг 2004 йилги ҳукуматлараро битим доирасида назарда тутилган уч суткагача визасиз қатновини тиклаш масалалари муҳокама қилинди.
Консуллик соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ваколатли идоралар ўртасида ахборот алмашинувини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама қилинган масалаларни тегишли идоралар билан биргаликда ишлаб чиқиш ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.





