Тошкентда илк бор ёруғлик ёрдамида йўл юзасида акс эттириладиган пиёдалар ўтиш жойи ўрнатилди
Анъанавий “зебра”дан фарқли равишда, бунда йўл чизиқлари бўёқ билан чизилмайди, балки ёруғлик ёрдамида асфалт юзасида акс эттирилади.

Тошкент шаҳрининг Қумариқ кўчасида илк бор ёруғлик ёрдамида йўл юзасида акс эттириладиган пиёдалар ўтиш жойи ўрнатилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.
Маълум қилинишича, проекцияли пиёдалар ўтиш жойи ҳозирча синов тариқасида қўлланмоқда. Анъанавий “зебра”дан фарқли равишда, бунда йўл чизиқлари бўёқ билан чизилмайди, балки ёруғлик ёрдамида асфалт юзасида акс эттирилади.
Марказ маълумотига кўра, мазкур технология пиёдалар ўтиш жойининг тунги вақтда, ёмғирли ва туманли об-ҳавода ҳам кўриниб туришини таъминлашга қаратилган.
Шунингдек, марказнинг таъкидлашича, ёруғлик ёрдамида акс эттирилган чизиқлар автомобиллар ғилдираги таъсирида ўчиб кетмайди ва қор ёғганидан кейин ҳам кўриниб туради. Шу сабабли йўл чизиқларини қайта бўяшга эҳтиёж қолмайди.
Қайд этилишича, проексияли ўтиш жойи ҳайдовчиларга пиёдалар ўтиш жойини узоқроқ масофадан пайқаш ва тезликни ўз вақтида пасайтириш имконини беради. Бу эса пиёдалар хавфсизлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ҳозирча технология синов тариқасида қўлланмоқда. Агар у турли об-ҳаво шароитларида ўзини оқласа, бундай пиёдалар ўтиш жойлари Тошкентнинг бошқа туманларида ҳам жорий этилиши мумкин.





