Иссиқхоналар учун экологик экспертиза 38 млн сўмга ошдими?
Тарқалган хабарларда иссиқхонадаги қозонларга сертификат бериш ва бунинг учун тўланадиган тўловлар ҳам экологик экспертизага киритилади, дея янглиш фикр билдирилган.

Ижтимоий тармоқларда иссиқхона хўжаликлари учун давлат экологик экспертизаси тўлови "9 млн сўмдан 38 млн сўмгача оширилганлиги" ҳақида видео тарқалди. Экология қўмитаси бу хабарга изоҳ берди.
Таъкидлаш жоизки, видео тадбиркорлар билан очиқ мулоқотдан кесиб олинган бўлиб, унда Давлат экологик экспертизаси маркази мутахассиси Аҳрор Йўлдошев томонидан экологик экспертиза тўлови борасидаги саволга аниқ жавоб берилган.
Яъни Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 майдаги 234-сон қарорига кўра, атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг III тоифасига кирувчи табиий газ, кўмир ва бошқа турдаги ёқилғида ишлайдиган иситиш тизимларига эга иссиқхона хўжаликларини давлат экологик экспертизасидан ўтказганлик учун БҲМнинг 6,5 баравари, яъни бугунги кунда 2 млн 860 минг сўм миқдорида тўлов амалга оширилади.
Видеода иссиқхонадаги қозонларга сертификат бериш ва бунинг учун тўланадиган тўловлар ҳам экологик экспертизага киритилади, дея янглиш фикр билдирилган.
Ваҳоланки, иссиқхона қозонларига сертификат бериш, шунингдек, лаборатория тадқиқотлари, инструментал ўлчовлар, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш хизматлари давлат экологик экспертизаси ваколатига кирмайди.
Хулоса қилиб айтганда, иссиқхона хўжаликларини давлат экологик экспертизасидан ўтказганлик учун 38 млн сўм эмас, 2 млн 860 минг сўм миқдорида тўлов амалга оширилади.





