Тошкент вилоятидаги боғчаларда кўз касалликлари тарқалаётганига изоҳ берилди
Мактабгача таълим ташкилоти маъмурияти касаллик аломати кузатилган тарбияланувчини боғча ҳудудига киритмаган ҳамда шифокор кўригидан ўтиш учун юборган.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги боғчаларда болалар ўртасида кўз касаллиги аниқланаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 10 ноябр куни Паркент туманида 2022 йилда туғилган М.У. ҳудуддаги 3-сонли боғчага кўз касаллиги аломатлари билан борган. Мактабгача таълим ташкилоти маъмурияти уни боғча ҳудудига киритмаган ҳамда шифокор кўригидан ўтиш учун юборган.
Кўрик давомида болага туман офталмологи томонидан “H10.3 — аниқланмаган ўткир конюнктивит” ташхиси қўйилиб, тегишли даволаш муолажалари белгиланган. Шунингдек, унинг отаси ва оиланинг катта фарзандида ҳам шу каби аломатлар кузатилган. Айни пайтда уларга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Бундай шикоятлар билан мурожаат қилган бошқа беморлар қайд этилмаган. Боғча маъмурияти бошқа тарбияланувчиларда бундай аломатлар кузатилмаганини билдирган.
Бошқарма ота-оналардан фарзандларининг саломатлигига эътиборли бўлишни, кўзда қизариш, ёшланиш, ажралма келиши каби аломатлар кузатилган тақдирда шифокорга мурожаат қилишни сўраган.





