Маҳкума аёлларнинг болалари учун махсус боғчалар очилади
Тарбияланувчилар яшаши, тиббий хизматдан фойдаланиши, ёшига мос равишда ривожланиши ва камол топиши учун барча шароитлар яратилади. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ҳар чоракда бола ва она учун яратилган шароитни ўрганиш мақсадида мониторинг амалга оширилади

"Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкума аёлларнинг фарзандларини мактабгача таълим хизматлари билан қамраб олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги Президент қарори (ПҚ–395-сон, 12.11.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 декабрдан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги 21-сон жазони ижро этиш колонияси қошидаги Болалар уйи негизида ҳамда 42-сон манзил-колонияда 3 ёшгача бўлган болалар учун "Она ва бола маркази" махсус давлат мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилади.
Махсус мактабгача таълим ташкилотларида:
- 5 нафаргача болаларни қамраб оладиган кеча-ю кундуз фаолият юритувчи гуруҳлар ташкил этилади;
- тарбияланувчилар яшаши, тиббий хизматдан фойдаланиши, ёшига мос равишда ривожланиши ва камол топиши учун барча зарур шароитлар яратилади;
- тарбияланувчилар 21-сон жазони ижро этиш колонияси ва 42-сон манзил-колония томонидан қонунчиликда Болалар уйлари тарбияланувчилари учун белгиланган нормаларга мувофиқ озиқ-овқат, кийим-кечак, пойабзал, юмшоқ анжомлар билан таъминланади;
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тарбияланувчиларни ўз вақтида эмлаш ва тиббий кўрикдан ўтказиш таъминланади;
- Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ҳар чоракда бола ва она учун яратилган шароитни ўрганиш мақсадида мониторинг амалга оширилади.





