Боғчаларда заҳарланган болалар сони 2 мингга яқинлашди
Оммавий заҳарланиш кўлами янада кўпроқ ҳам бўлиши мумкин. Масъуллар ҳозирча расмий статистикани очиқламаяпти.

Тошкент вилоятининг бир неча туманларидаги боғчаларда содир бўлган оммавий заҳарланиш оқибатида заҳарланган болалар сони 1922 нафарга етган. Бу статистика 25 сентябр ҳолатига тегишли.
Маълум бўлишича, вилоятдаги шифохоналарга 1922 нафар бемор заҳарланишдан шикоят қилиб, шифокорларга мурожаат қилган. Улардан 930 дан ортиғининг ташхиси салбий бўлиб, уйларига жўнатилган. Қолган 941 нафар беморнинг аҳволи енгил, 22 нафарининг аҳволи ўрта даражада.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековнинг айтишича, Бўка, Пискент, Бекобод, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги боғчалар болалари шифокорларга мурожаат қилган. Тиббиёт муассасаларида ўринлар етишмаслиги сабабли беморларнинг бир қисми Олмалиқ ва Нурафшон шаҳарларига кўчирилган.
Daryo нашрининг аниқлик киритишича, Оққўрғон туманида 413, Бўка туманида 537, Пискент туманида 430, Қуйи Чирчиқ туманида 64, Бекободда 98, Олмалиқда 285, Нурафшонда 113 нафар боғча тарбияланувчилари ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Отабеков Бўка, Пискент, Бекобод, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги давлат тасарруфидаги болалар боғчаларига умумий овқатланиш хизматларини кўрсатувчи учта аутсорсинг компанияси томонидан хизмат кўрсатилаётганини айтган.
Учаласи ҳам ўша кефирни Оққўрғондаги Shark Milk Product компаниясидан олган. Аниқланишича, компания Учтепа туманида рўйхатдан ўтган, аммо ишлаб чиқариш Оққўрғон туманида олиб борилган.
Ҳозиргача мутасаддилар аниқ статистика ва маълумотларни очиқламаяпти.
Эслатиб ўтиш керак, 25 сентябр куни эрталаб Пискент ва Бўка туманларидаги боғча болалари заҳарланиш билан касалхонага ётқизилган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, улар сифатсиз кефирдан заҳарланган. Ҳозир эпидемиологик суриштирув ишлари олиб бориляпти.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълумотларига кўра, ўша куни кечқурун 109 нафар бола касалхонага ётқизилган: Қуйи Чирчиқ туманида 12 нафар, Оққўрғон туманида 97 нафар. Уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланган. Эҳтиёткорлик мақсадида Пискент ва Бўка туманларидаги болалар боғчаларида болаларни кўрикдан ўтказилган.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Тергов бошқармаси 25 сентябр куни Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми (санитария қонунчилигини ёки эпидемиянинг олдини олиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатган. Ҳозир тергов давом этмоқда.