Тошкент вилоятида болалар заҳарланиши ортидан 7 киши қўлга олинди
Улардан иккитаси маҳсулот ишлаб чиқарувчилари бўлса, қолганлари аутсорсинг билан шуғулланган компания вакиллари саналади.

Тошкент вилоятидаги боғчаларда болалар заҳарланиши ортидан 7 киши қамоққа олинди.
Бу ҳақда Platina.uz манбаси маълум қилди.
Қамоққа олинганларнинг 2 нафари болалар заҳарланишига сабаб бўлган маҳсулот ишлаб чиқарувчилари бўлса, қолганлари аутсорсинг билан шуғулланган компания вакиллари саналади.
Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 26 сентябр куни соат 10:00 ҳолатига кўра, Тошкент вилоятида салкам 2 минг нафар боғча боласи заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатдан шикоят билан шифохоналарга мурожаат қилган эди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков ҳолат юзасидан ахборот берди.
Унга кўра, жами 1922 нафар бола, жумладан, беморлар билан мулоқотда бўлганлар ҳам тиббий кўрикдан ўтказилган. Улардан 959 нафарида клиник белгилар кузатилмагани сабабли уйларига жавоб берилган. Кейинги давр мобайнида яна 269 нафар бола соғайиб, уйига қайтарилган.
Ҳозирги кунда 694 нафар бола шифохоналарда даволанмоқда, улардан 13 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда баҳоланмоқда.