Ўзбекистонда фирибгарлар ОАВ устидан муаллифлик ҳуқуқи бўйича шикоят юбориб, пул талаб қилаётгани айтилди
Шикоятлар натижасида ижтимоий тармоқлар айрим постларни ўчириб ташлайди. Нашр вакиллари даъвогарлар билан боғланганда эса улар шикоятни қайтариб олиш эвазига пул талаб қилади. Айрим ҳолларда пул ўтказилгач, шикоятлар бир неча дақиқа ичида қайтариб олингани қайд этилган.

Ўзбекистондаги бир қатор интернет нашрлари ижтимоий тармоқларда муаллифлик ҳуқуқи бўйича шикоятлар орқали пул ундириш ҳолатларига дуч келмоқда. Бу ҳақда Repost нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Repost, Пресса ва Облако нашрларининг ижтимоий тармоқлардаги, жумладан, Instagram ва Facebook’даги материаллари устидан номаълум шахслар муаллифлик ҳуқуқи бузилгани ҳақида шикоят юбормоқда.
Шикоятлар натижасида ижтимоий тармоқлар айрим постларни ўчириб ташлайди. Нашр вакиллари даъвогарлар билан боғланганда эса улар шикоятни қайтариб олиш эвазига пул талаб қилади. Repost маълумотига кўра, айрим ҳолларда пул ўтказилгач, шикоятлар бир неча дақиқа ичида қайтариб олинган.
Бундай ҳолатлар нафақат янгиликлар, балки таҳририятлар томонидан тайёрланган ёки реклама берувчилар билан келишилган ҳолда жойлаштирилган тижорий постларга ҳам тааллуқли.

Кетма-кет шикоятлар ОАВ саҳифаларининг чекланиши ёки бутунлай блокланишига олиб келиши мумкин. Бу эса нашрларнинг аудиториясини йўқотиши, реклама шартномалари бўйича мажбуриятларини бажара олмаслиги ва молиявий зарар кўришига сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек, айрим ҳолатларда саҳифалар блокланганидан кейин номаълум шахслар уларни пул эвазига тиклаб беришни таклиф қилгани айтилмоқда. Бироқ уларнинг ижтимоий тармоқ ходимлари билан алоқаси борлиги ҳақидаги даъволари мустақил тасдиқланмаган.
Ҳозирча шикоятларни кимлар юбораётгани аниқланмаган. Бироқ Repost нашрига кўра, айрим ҳолатларда бир хил электрон манзиллар, ўхшаш иборалар ва пул талаб қилишнинг бир хил усуллари қайд этилган.





