Фирибгарликда айбланган шахс Истанбулда қўлга олинди
Мазкур шахс белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг суд органларига топширилди.

Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ўртасидаги ҳамкорлик давомида Истанбул шаҳрида халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси аниқланди ва қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги консулхонаси хабар қилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) билан айбланиб, халқаро қидирувда бўлган У.Н. қўлга олинди.
Мазкур шахс белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг суд органларига топширилди.
Ўзбекистон ва Туркия ваколатли идоралари ўртасида жиноятчиликка қарши курашиш, халқаро қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва уларнинг жавобгарликдан қочиб юришига йўл қўймаслик борасидаги ҳамкорлик изчил давом этмоқда.





