Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси огоҳлантириш эълон қилди
Кучли ёғингарчилик вақтида сув тўпланиши мумкин бўлган пастқам ҳудудлар, ерости йўллари ва туннеллардан узоқроқ бўлиш сўралган.

Истанбул, Ялова ва Кожаели вилоятларида истиқомат қилаётган ҳамда вақтинча бўлиб турган ўзбекистонлик фуқаролар об-ҳаво шароитининг ёмонлашиши муносабати билан огоҳликка чақирилди. Бу ҳақда мамлакатимизнинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар берди.
Кучли ёмғир, шамол ва ноқулай об-ҳаво шароитлари сув тошқинлари, йўлларда ҳаракатланишнинг қийинлашиши ҳамда бошқа фавқулодда ҳолатлар хавфини юзага келтириши мумкин.
Шу муносабат билан ватандошларимиздан қуйидаги эҳтиёт чораларига риоя қилишлари сўралган:
- Зарурат бўлмаса, узоқ масофаларга сафар қилишдан тийилиш;
- Кучли ёғингарчилик вақтида сув тўпланиши мумкин бўлган пастқам ҳудудлар, ерости йўллари ва туннеллардан узоқроқ бўлиш;
- Денгиз соҳиллари, дарахтлар, электр узатиш тармоқлари ва мустаҳкам ўрнатилмаган конструкциялар яқинида эҳтиёткорликни ошириш;
- Автомобил бошқаришда тезликни камайтириш ва хавфсиз масофани сақлаш;
- Туркиянинг ваколатли идоралари томонидан эълон қилинаётган расмий огоҳлантириш ва тавсияларга қатъий амал қилиш.
Истанбулда кучли ёғингарчиликлар сабаб шаҳар ҳудудларини сув босди. Таълим муассасаларида дарслар вақтинча тўхтатилди. Мотоцикллар ҳаракати эса бутунлай чекланди.





