platina.uz
Tashkent Content Market — 4–5 fevral 2027, tcm.uz
Жаҳон

Истанбул сув остида: кучли ёғингарчилик сабаб шаҳарда кескин вазият юзага келди

Истанбул вилояти губернатори Довут Гул аҳолига шошилинч огоҳлантириш берди. Хавфли вазият туфайли Истанбулдаги барча таълим муассасаларида дарслар бекор қилинди.

Истанбул сув остида: кучли ёғингарчилик сабаб шаҳарда кескин вазият юзага келди

Туркиянинг энг йирик мегаполиси бўлган Истанбулда кучли ёмғир ёғди. Шаҳар кўчалари шиддатли дарёларга айланиб, машиналар, ер ости йўлаклари ҳамда турар-жой биноларини сув босди.

TRT Haber нашрининг хабар беришича, мактаблар ёпилди ва расмийлар аҳолидан уйда қолишни сўрашмоқда.

Шаҳарга бўрон ёпирилди ва у давом этмоқда. Кучли сув оқимлари асосий йўллардаги транспорт ҳаракатини тўсиб қўйди, туннеллар, ертўлалар ва турар-жой ҳамда тижорат биноларининг биринчи қаватларини сув босди. Хавфли вазият туфайли Истанбулдаги барча таълим муассасаларида дарслар бекор қилинди.

Истанбул вилояти губернатори Довут Гул аҳолига шошилинч огоҳлантириш берди. Унинг сўзларига кўра, кучли ёмғир, айниқса шаҳарнинг Анадолу (Осиё) томонида давом этади.

"Ёмғир пайтида жуда эҳтиёт бўлишингизни сўраймиз. Иложи бўлса, уйда қолинг ва шахсий транспорт воситаларидан фойдаланманг. Ертўлалар, сув босган йўлаклар, дарё ўзанлари ва кўчки хавфи юқори бўлган жойлардан сақланинг", деб таъкидлади Гул.

Мегаполисда фавқулодда хизматлар юқори даражадаги тайёргарлик ҳолатига келтирилди, 378 та тез тиббий ёрдам бригадаси ва бешта миллий тиббий қутқарув гуруҳи (UMKE) навбатчилик қилмоқда.

Афсуски, қурбонлар бўлган. Тошқин натижасида 14 ёшли бола вафот этди. Ташқарида бўлган бола тасодифан очиқ электр симлари бўлган сув босган кўлмакка тушиб қолди ва кучли электр токи урди. Бола ҳушидан кетган ҳолда шифохонага олиб кетилди, аммо шифокорлар уни қутқара олишмади.

Синоптиклар ва фавқулодда хизматлар вазиятни кузатишда давом этмоқда, турк қутқарувчилари эса энг кўп зарар кўрган ҳудудларда сув тошқини оқибатларини бартараф этиш устида ишламоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid