ЕХҲТ вакили Ўзбекистондаги ислоҳотларни эътироф этди
Журналистлар уюшмаси делегацияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари бўйича вакили, элчи Ян Браату Вена шаҳрида учрашув ўтказди.

Ўзбекистонда сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, журналистлар хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий медиа муҳитини ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар халқаро мулоқотнинг муҳим мавзусига айланмоқда.
Бу масалалар Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегацияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари бўйича вакили, элчи Ян Браату ўртасида Вена шаҳрида бўлиб ўтган учрашувда ҳам диққат марказида бўлди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг ЕХҲТ институтлари, хусусан, Оммавий ахборот воситалари эркинлиги масалалари бўйича вакил мандати доирасидаги фаолиятга алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланди.
Мамлакатнинг сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, медиа соҳасини ривожлантириш ҳамда ЕХҲТ доирасида қабул қилинган халқаро мажбуриятларни амалга оширишга содиқлиги қайд этилди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ахборот соҳасини тартибга солувчи миллий қонунчиликни янгилаш, уни халқаро стандартлар ва замонавий технологик талабларга мувофиқлаштириш, журналистларнинг касбий фаолияти учун ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.
Ян Браату ушбу йўналишдаги ташаббусларнинг аҳамиятини қайд этиб, медиа соҳасидаги ислоҳотлар очиқлик, шаффофлик ва журналистларнинг касбий мустақиллигини таъминлаш тамойиллари билан уйғун тарзда амалга оширилиши зарурлигига эътибор қаратди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси Шуҳрат Орипов журналистлар манфаатларини таъминлаш, ОАВларни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида ахборот берди. Хусусан, Ўзбекистон журналистларининг касбий этикаси кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва ҳозирда қизғин муҳокама қилинаётгани маълум қилинди.

Мазкур ташаббуснинг аҳамиятига тўхталар экан, Ян Браату журналистикада касбий масъулият, холислик ва ишончлилик тамойилларини мустаҳкамлаш, шунингдек, журналистларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.
«Бу ташаббус ахборот маконида касбий масъулият, холислик ва ишончлилик мезонларини мустаҳкамлаш, журналистиканинг профессионал стандартларини ривожлантириш нуқтаи назаридан долзарб аҳамият касб этади. Шу билан бирга, журналистлар хавфсизлигини таъминлашга оид ЕХҲТ Вазирлар кенгашининг 3/18-сонли қарорида белгиланган мажбуриятларни амалиётга татбиқ этиш борасида Ўзбекистон олдинга қадам ташламоқда», — деди Ян Браату.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда мазкур йўналишда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, жумладан, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, журналистлар хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва уларнинг касбий фаолияти учун қулай муҳит яратиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси делегацияси Австрия медиа академияси, Журналистика ва медиа бўйича Вена форуми маркази, Австрия матбуот нашрлари уюшмаси раҳбарлари билан ҳам учрашувлар ўтказди ҳамда Кремс шаҳридаги «IMC» амалий фанлар университети фаолияти билан танишди.





