Остона шаҳрида ТДТнинг ОАВ ва ахборот учун масъул вазирлар ҳамда юқори лавозимли мансабдор шахсларининг 8-учрашуви бўлиб ўтди
Учрашув иштирокчилари сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши шароитида ахборот сиёсатини такомиллаштиришнинг долзарб масалаларини, шунингдек, ТДТга аъзо давлатлар ўртасида медиа ва ахборот коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Остона шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг оммавий ахборот воситалари ва ахборот масалалари учун масъул вазирлар ҳамда юқори лавозимли мансабдор шахсларининг 8-учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув "Сунъий интеллект даврида ТДТга аъзо давлатларнинг ахборот сиёсати" мавзусига бағишланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази директори Қобулжон Аҳмедов Ўзбекистон вакили сифатида иштирок этди.

Учрашув иштирокчилари сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши шароитида ахборот сиёсатини такомиллаштиришнинг долзарб масалаларини, шунингдек, ТДТга аъзо давлатлар ўртасида медиа ва ахборот коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Медиа соҳасини ривожлантириш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган ёндашувларни ишлаб чиқиш, замонавий рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда туркий дунё давлатларининг тегишли идоралари ва ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.


Учрашув доирасида ТДТнинг 2027 йилга мўлжалланган ОАВ ва ахборот соҳасидаги Ҳаракатлар режаси тасдиқланди, вазирлар ва юқори лавозимли мансабдор шахсларнинг навбатдаги, 9-учрашувини ўтказиш жойи ва муддатлари белгиланди ҳамда якуний коммюнике қабул қилинди.






